Қадимий Кармананинг “оқ-қора хотиралари”
Навоий вилояти архив иши ҳудудий бошқармаси ташаббуси билан Кармана тумани давлат архиви биносида “Ўтмишдан қолган тасвирлар - Қадимий Кармана” мавзусида фото кўргазма ташкил этилди.
Унда XIX аср охири ва XX аср бошларига оид ноёб фотосуратлар кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинди.
Тарихни англаш, авлодлар хотирасини асраш ва ўтмиш сабоқларини келажакка етказишда архив ҳужжатларининг ўрни беқиёс. Айниқса, тарихий воқеликни бевосита акс эттирган фотосуратлар ўтган давр ҳаёти, инсонлари, меъморий қиёфаси ва ижтимоий муҳити ҳақида жонли тасаввур уйғотади. Бир қарашда оддий қора-оқ тасвирдек туюлган суратлар замирида эса бутун бир давр тарихи мужассам.
Мазкур кўргазманинг аҳамияти шундаки, унда Кармананинг бугунги авлод кўзи билан кўриш имконсиз бўлган қадимий қиёфаси, тарихий кўчалари, масжид ва мадрасалари, саройлари, чорбоғлари, бозорлари ҳамда турли меъморий иншоотлари акс этган. Қора-оқ суратлар орқали бир асрдан ортиқ вақт аввалги шаҳар ҳаётини кўз олдимизга келтириш мумкин.

– Ҳар бир фотосурат ўзига хос тарихий манба, – дейди вилоят архив иши ҳудудий бошқармаси бошлиғи Сайёра Бекова. – Уларда нафақат шаҳарнинг меъморий кўриниши, балки ўша давр одамларининг ҳаёт тарзи, кийиниши, меҳнат жараёни, ҳунармандчилиги, савдо-сотиқ муносабатлари, сайил ва байрамлари ҳам акс этган. Жамоат арбоблари, маърифатпарварлар, зиёлилар ва оддий аҳоли вакилларининг қиёфалари эса даврнинг ижтимоий муҳити ҳақида муҳим тасаввур беради.
Кўргазмада манғит амирларининг еттинчи ҳукмдори Амир Аҳадхон ва унинг фарзанди, Бухоро амирлигининг сўнгги амири Олимхоннинг Карманадаги ҳукмронлик даври билан боғлиқ тарихий тасвирларга ҳам алоҳида ўрин берилган. Уларнинг Карманада қурдирган саройлари, боғ ва чорбоғлари, ўша даврга хос меъморий иншоотлар суратларда муҳрланган.
Кўргазма материалларини тайёрлашда Кармана тарихи билан боғлиқ турли архивларда сақланаётган ҳужжатлар, илмий асарлар ва фотосуратлардан фойдаланилган.

Фото кўргазма доирасида архив мутахассислари томонидан фотоҳужжатларнинг келиб чиқиш тарихи, уларни сақлаш ва қайта тиклаш жараёнлари ҳақида маълумотлар берилди.
Архивларда сақланаётган ҳар бир ҳужжат ва фотосурат муайян даврнинг гувоҳи ҳисобланади. Вақт ўтиши билан ўзгариб кетган кўчалар, йўқолган бинолар, қайта қурилган маҳаллалар ёки бугунги кунгача етиб келмаган меъморий обидаларни айнан ана шу манбалар орқали тасаввур қилиш мумкин. Шу жиҳатдан, тарихий фотосуратларни сақлаш, ўрганиш ва кенг жамоатчиликка тақдим этиш миллий хотирани асрашнинг муҳим шаклларидан биридир.
Кўргазма доирасида тарихчи олим, тарих фанлари доктори Жасур Савриев томонидан архивга 300 га яқин турли шаклдаги ҳужжатлар топширилди.

– Менинг ўзимнинг шахсий фондимда Кармананинг қадимий тарихига оид 300 га яқин фотофактлар мавжуд бўлиб, уларни асосан илмий ишим давомида турли хилдаги давлат архивларидан, жамоатчилик вакилларидан ҳамда тегишли ташкилотлардан йиғишга муваффақ бўлганман, – дейди Ж.Савриев. – Ушбу фототасвирларни бугунги кунда алоҳида бир шахсий фонд қилиб, Кармана туман давлат архивига топширдим. Бу ҳужжатлар Кармана тарихи билан боғлиқ илмий тадқиқот ишларини олиб борадиган ёшларимизга илмий манба бўлиб хизмат қилади, деган умиддаман. Илмий ишимнинг мавзуси Навоий вилоятидаги тарихий ёдгорликларни таъмирлаш, уларни тиклаш мавзусида бўлган. Илмий ишимни ёзиш жараёнида кўплаб инсонларнинг уйларига бориб, улар билан суҳбатлашганман. Уларда асраб қолинган, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган фото суратларнинг нусхалари, айримларининг асл нусхаларини, айримларининг эса фотонусхаларини олишга мушарраф бўлганман. Уларни яхлит бир тизимга келтириб, мана, бугунги кунда туманимиздаги архивга топширдим.

Кармана тарихи – биргина ҳудуд ёки бир авлод тарихи эмас. У Ўзбекистоннинг кўп асрлик давлатчилик, маданият ва маърифат тарихининг муҳим саҳифаларидан биридир. Шу боис туғилиб ўсган юртимиз тарихини билиш, унинг кечаги кунидан хабардор бўлиш ҳар биримиз учун муҳим. Ўтмишни англаш бугунги тараққиётнинг қадрини тўғри баҳолаш, миллий ўзликни янада чуқурроқ ҳис этишга хизмат қилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири