Қачон сонга киради бу “Ерқўрғон”?
Йўл-йўлакай
Рўзғорга бозор-ўчар қилиш учун ҳар галгидек Қарши шаҳридаги йирик бозорлардан бири “Ерқўрғон” озиқ-овқат деҳқон бозорига тушдим. Боиси катта бозор, маҳсулотлар ҳартугул бошқа бозорларга нисбатан арзонроқ. Бозорга боришда йўл-йўлакай атрофни кузатиб, бир неча кун давомида ёққан ёмғир ва қор ерларни тўйинтирганининг гувоҳи бўлдим. Бу деҳқон ва чорвадорлар тили билан айтганда, барака – мўл ҳосил, яйловларда ўт-улан, дегани.
Шу хаёллар билан бозорга келдим, аммо бозорнинг автотураргоҳига киришим билан ҳафсалам пир бўлди. Ҳаммаёқ лой. Машинада зўрға кириб бордим. Амаллаб ичкарига кирдим. Ўзим билан резина этик олмаганимга пушаймон бўлдим. Қўлимга аёлим ёзиб берган маҳсулотлар рўйхатини олиб, лой кечиб расталарни айландим.
Аҳвол жуда ачинарли эди. Шундай катта бозорда на сотувчилар учун, на харидорлар учун қулайлик бор. Илгари ҳам неча бор шу мавзуни кўтарганмиз, лекин кўринадики, бу танқидлар бозор маъмуриятига зиғирча ҳам таъсир қилмаган. Ҳамма нарса тартибсиз жойлаштириб ташланган. Йўлакларда харидорларга қўшилиб, машиналар ҳам кириб- чиқиб кетмоқда. Улгуржи сотиладиган картошка, пиёз ва ҳоказо маҳсулотлар бозорига этикда юришга ҳам қийналасан. Афтидан ёғингарчилик натижасида йиғилган оқова сув ҳеч қаерга чиқиб кетмайди. Йўқса, бунча кўлмаклар ҳосил бўлмасди.

Сотувчиларнинг айтишича, 10 кундан буён электр ҳам ўзиб қўйилган. Бунга сабаб бозор маъмуриятининг электр таъминотидан катта қарзи бор, дейди улар.
Ичкарида жой етарли бўлса-да, “стоянка”ларнинг олди, бозорга киришда тартибсиз савдо қилувчилар кўпайиб кетган. Чунки лойгарчилик бўлгандан кейин харидорлар лой кечиб ичкарига киргиси келмайди. Буни англаган сотувчилар эса маҳсулотларини кўча томонга олиб чиқишга мажбур бўлади.
Тадбиркор Ориф Инатовнинг таъкидлашича, бозор маъмуриятига ойлик тўловлар ўз вақтида тўланади, лекин ҳар ойда бир ҳафта- ўн кунлаб электр бўлмайди. “Дўконимиз олдини сув босиб кетганлигидан харидорлар кирмаяпти”, дейди у.
Хуллас, бозорликни амаллаб қилиб бўлгач, қуруқчилик пайтигача қайтиб келмасликка қасам ичиб, ортимга қайтдим.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири