Қабристонлар ҳам тозаланиб, обод этилмоқда
Наманган вилоятида ҳам умумхалқ хайрия ҳашари кўтаринки руҳда давом этмоқда.
“Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик” шиори остидаги умумхалқ ободонлаштириш ҳашарида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакиллиги ва унинг тасарруфидаги диний муассасалар ходимлари ҳам фаол иштирок этаётир.


Вилоятда фаолият кўрсатаётган 189 та масжид ва қабристонларда умумхалқ хайрия ҳашарига эрта тонгдан киришилди. Ҳашар давомида имом домлалар бошчилигида ҳамюртларимиз фаоллик ва кўтаринкиликка чақирилиб, қабристонлар обод қилинмоқда. Ўтганлар ҳақига Қуръон тиловат ўқилиб, марҳумлар руҳи шод этилди. Ватанимиз равнақи, юртимиз тинчлиги, деҳқончиликка барокот сўраб, дуолар қилинди.


Ободонлаштириш тадбирлари айни вақтда маҳаллалардан тортиб, кўчаларгача, аҳоли яшаш хонадонлари, кўп қаватли уй атрофлари, гузар ва хиёбонлар, муқаддас зиёратгоҳлар, бозорларда, қўйингки, меҳнат жамоаларида кенг кўламда давом этмоқда.


“Маҳаллаларни ободонлаштириш” ойлиги доирасидаги бундай саъй-ҳаракатлар асносида савобли ишларга ҳам қўл урилмоқда. Маҳаллалардаги кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган оилалар, ёлғиз яшовчи ҳамда ногиронлиги бор кишилар ҳолидан хабар олиниб, уларнинг яшаш шароитлари яхшиланиб, уй-жойларини таъмирлашга кўмаклашилмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА