Путин: Арманистон Европа Иттифоқи ёки Евроосиё иқтисодий иттифоқини танлаши керак(+видео)
Россия президенти Владимир Путин ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян Бишкекда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида учрашди, деб хабар берди DW нашри.
Музокараларнинг асосий мавзуси Ереваннинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун ариза бериш режаси бўлган. Путин Пашинянга шундай деди: «Сиз Арманистон Евроосиё иқтисодий иттифоқидан чиқиш ҳақида ариза бермаганини айтдингиз. Аммо бошқа иқтисодий ташкилотга аъзо бўлиш жараёнини бошлаш ҳақида қонун қабул қилиш амалда бизнинг ташкилотдан чиқишни англатади. Чунки бир вақтнинг ўзида икки ташкилотда бўлиш мумкин эмас».
Путин «бошқа ташкилот» деганда Европа Иттифоқини, «бизнинг ташкилот» деганда эса Евроосиё иқтисодий иттифоқини назарда тутди.
Россия президенти бу икки ташкилот бўйича референдум ўтказишни таклиф қилди. Унинг фикрича, бу масалада «халққа мурожаат қилиш ва уларнинг фикрини сўраш» керак.
Пашинян эса Ереван Россия ва Арманистон ўртасидаги шартномаларни, шунингдек, Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасидаги мажбуриятларни ўрганиб чиққанини айтди. Унинг таъкидлашича, Арманистоннинг Россия ёки Евроосиё иқтисодий иттифоқи олдидаги мажбуриятларига зид ҳолат аниқланмаган. Бош вазир, шунингдек, Арманистон 2025 йилда Европа интеграциясини бошлаш ҳақида қонун қабул қилганидан кейин ЕИ ва Евроосиё иқтисодий иттфоқидан қайси бирини танлаш бўйича референдум ўтказиш ғоясидан амалда воз кечганини билдирди.
Пашинян 24 август куни Арманистон яқин вақт ичида Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун ариза бериш жараёнини бошлашини маълум қилган эди. Шундан кейин Европа Комиссияси Арманистон ҳозир ЕИга ҳар қачонгидан ҳам яқинроқ эканини билдирди. Бироқ Комиссия Арманистоннинг ЕИга қўшилиши аниқ белгиланган ва мамлакатнинг натижаларига асосланган жараён орқали амалга ошишини эслатди. Шунингдек, Пашинян июнь ойида Арманистоннинг ЕИга аъзо бўлиши масаласида референдум ўтказиш учун ҳозирча асос йўқлигини айтган эди. Россия президенти, шунингдек, Украинадаги воқеаларнинг «сценарийси» гўё Киевнинг Европа Иттифоқига қўшилишга уринишидан бошланганини эслатди.
Арманистонда 7 июнь куни бўлиб ўтган парламент сайловлари олдидан Москва Ереванга босимни кучайтирди. Жумладан, Россия Арманистоннинг айрим озиқ-овқат маҳсулотларини ўз ҳудудига олиб киришни тақиқлади.
Кенжа Бекжонов, Салимжон Обиджонов, ЎзА