Профессионал бокс: Исроил Мадримов жанг олдидан тарозидан ўтди
Эртага ҳамюртимиз Исроил Мадримов АҚШнинг Лас-Вегас шаҳридаги “Fontainebleau” мажмуасида ташкил этиладиган профессионал бокс оқшомида Доминикан Республикаси вакили Луис Дэвид Салазарга қарши баҳс олиб боради.
Бугун, 24 январь куни мазкур жанг олдидан вазн ўлчаш, кўз уриштириш ва матбуот анжумани маросимлари бўлиб ўтди.
Вазн ўлчаш маросимида супер ярим ўрта вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони Мадримов - 156,4 фунт (70,9 кг) тош босган бўлса, рақиби Салазар - 157,8 фунт (71,5 кг) кўрсаткични қайд этди. Кўриниб турибдики, доминиканлик боксчи Исроилдан 0,6 кг ортиқча оғирликка эга.
Профессионал боксда ҳар бир кичик тафовут ва жиҳат муваффақиятнинг калити ҳисобланишини ёддан чиқармаган ҳолда Исроилнинг ғалабасига умид боғлаб қоламиз.
- Рақибимга ҳурматни сақлаган ҳолда жангни қабул қилгани учун миннатдорлик билдираман. Яхши жанг ўтказамиз, деган умиддаман. Бу йилги режаларим жуда катта. Ҳозир бор эътиборимни ушбу жангимга қаратганман. Кейин нима бўлишини эса кўрамиз. Мен катта номлар билан жанг қилишни ва камарларни қўлга киритишни хоҳлайман,-дея таъкидлаган журналистлар билан мулоқотда Мадримов.
Эслатиб ўтамиз, Мадримов профессионал боксдаги фаолиятида 13 та жанг ўтказиб, 10 та ғалаба, 1 та дуранг ва 2 та мағлубият қайд этган, рақиби Луис Дэвид Салазар ҳисобида эса 20 та ғалаба, 1 та мағлубият бор.
Лас-Вегасдаги профессионал бокс оқшомининг марказий жанги IBF йўналишининг енгил вазнидаги чемпионлик жанги америкалик Рэймонда Муратальи ва кубалик Энди Крус ўртасида бўлиб ўтади.
Т. Рўзиев, ЎзА