Президентлар “Нигора” тўқимачилик корхонасига ташриф буюрдилар
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Бухородаги қўшма дастур доирасида мамлакатимиздаги етакчи тўқимачилик корхоналаридан бирининг фаолияти билан танишдилар.
Давлат раҳбарлари Бухоро шаҳрида рақобатбардош тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг тўлиқ занжирини йўлга қўйган “Нигора” компаниясининг ишлаб чиқариш қувватларига ташриф буюрдилар.

Ушбу лойиҳанинг қиймати 35 миллион долларни ташкил этиб, 2024 йил август ойида муваффақиятли ишга туширилган. Бу ерда 840 нафар ходим иш билан таъминланган, уларнинг аксариятини аёллар ташкил этади.

Япония, Италия, Бельгия ва Германиядан келтирилган юқори технологик ускуналар халқаро бозорларда дадил рақобатлашиш ҳамда ҳар йили 20 миллион погон метр тайёр мато ва 1 миллион дона тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш имконини беради.

Президентларга тайёр кийим-кечак ва матолар намуналари намойиш этилди. “Shoyigul” бренди остида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар асосан Европа мамлакатларига, хусусан, Италия, Австрия, Буюк Британия ва Германияга экспорт қилинмоқда.


Давлат раҳбарлари компаниянинг йиллик экспортни 10 миллион долларга олиб чиқиш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳамда келгусида синтетик тола ва аралаш матодан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режаларини юксак баҳоладилар.
