«Президент совғаси» айнан кимлар учун?
Пойтахтимизда “Crafers“ қандолатчилик фабрикасида «Президент совғаси»ни қадоқлаш, безаш ва ҳудудларга жўнатиш жараёнлари амалга оширилди. Мазкур совғалар 3-15 ёшдаги «Меҳрибонлик уйлари» тарбияланувчилари, ота-она қаровисиз қолган, ота-оналари Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари учун 10 минг нафар болаларга мўлжалланган.
«ПРЕЗИДЕНТ СОВҒАЛАРИ» ТАРКИБИ...
Қайд этиш лозимки, 3-15 ёшдаги 10 минг нафар болага мўлжалланган «Президент совғалари» таркибига Ўзбекистон Президентининг болаларга йўлланган Янги йил байрами табриги, 14 турдаги ширинлик, 3 турдаги ўқув қуролларидан ташкил топган. Шунингдек, жорий йилда мазкур совғалар таркибига Меҳрибонлик уйлари, Оилавий болалар уйлари, SOS болалар маҳаллалари ҳамда «Меҳрли мактаб»нинг 12 ёшдан катта бўлган 1 минг 95 нафар тарбияланувчилари учун замонавий электрон китоблар, термос ва шахмат жиҳозлари ҳам киритилган.
НЕГА АЙНАН “CRAFERS”?
"Жорий йилда тайёрланаётган совғалар учун ҳомийлар кўмагида 10 миллиард сўмга яқин маблағ ажратилган, – дейди Халқ таълими вазири ўринбосари Ваҳобжон Ражабов. – Мамлакатимизда фаолият олиб бораётган қандолатчилик фабрикалари жуда кўп. Мазкур совғаларни тайёрлаш учун электрон савдо ташкил этилган ва тендер асосида “Crafers“ қандолатчилик фабрикаси ғолиб бўлган. Шуни алоҳида таъкидлашим лозимки, совғаларни манзилига етказиш, сақлаш ва эгаларига тарқатиш учун махсус ишчи-гуруҳ фаолияти ташкил этилган.
[gallery-10009]
Маълумот ўрнида, «Президент совғаси» мамлакатнинг 10 та ҳудуди — Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд, Андижон, Фарғона, Наманган вилоятларига «Ўзбекистон ҳаво йўллари» орқали, Сирдарё, Жиззах, Тошкент вилоятларига ҳудудий Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари кузатуви остидаги автотранспорт воситаларида етказилиши режалаштирилган.
«Президент совғаси» болажонларга жорий йилнинг 29-30 декабрь кунлари топширилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА