Президент совғалари ўз эгаларига топширилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Термиз шаҳридаги Муз саройида анъанавий “Президент арчаси” тадбири ўтказилди.
Байрам тадбирига оилавий болалар уйлари ва Мурувват уйи тарбияланувчилари, ота-она қаровисиз қолган ўғил-қизлар ва боқувчиси Ватанимиз тинчлиги, сарҳадларимиз осойишталиги йўлида қурбон бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари фарзандлари таклиф этилди. Уларга “Президент совғаси” тарқатилди.
[gallery-10150]
“Президент совғаси” таркибига Ўзбекистон Президентининг болаларга йўлланган Янги йил байрами табриги, 14 турдаги ширинликлар, 3 турдаги ўқув қуроллари, электрон китоб, термос ва шахмат жиҳозлари киритилган.
Мазкур совғаларни вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Қосимов 3-15 ёшли оилавий болалар уйлари тарбияланувчилари, боқувчисини йўқотган чин етим болалар, шунингдек, хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг фарзандларига Президентимиз номидан тантанали топширди.
Тадбир вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида давом этмоқда.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА