Президент совғалари болажонларга қувонч улашди
Янги йил шукуҳи юртимиз бўйлаб кезиб юрган шу кунларда Президент совғасини ҳаммадан ҳам кўра болажонлар ўзгача иштиёқ билан орзиқиб кутади. Шу муносабат билан Тошкент вилояти шаҳар-туманларида театрлаштирилган “Президент арчаси” байрам томошалари ўтказилмоқда.
Хусусан, Нурафшон шаҳридаги Ёшлар марказида 3-15 ёшдаги ота-онадан қаровсиз қолган болалар, Оилавий болалар уйлари, Мурувват уйи тарбияланувчилари ҳамда хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар фарзандлари учун байрам тадбири ўтказилди.
Тадбирда Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев сўзга чиқиб барча болаларни байрам билан табриклаб, ўзининг самимий тилакларини билдирди. Таъкидланганидек, мамлакатимизда ёш авлодни соғлом ва баркамол тарбиялаш, уларнинг муносиб шароитларда таълим-тарбия олиши ва улғайишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу йил ҳам ҳудудда масъул ташкилотлар ҳамкорлигида Янги йил байрамини юқори савияда ўтказиш, болажонларга қувонч улашиш учун пухта ҳозирлик кўрилди. Барча совғаларга 12 турдаги ўқув қуроллари ва 15 турдаги ширинликлар жамланган. Президент совғаларини вилоят ҳокими болаларга тақдим этди.
Шундан сўнг мусиқали саҳна кўринишлари намойиш этилди. Кўзларида қувонч акс этган болажонлар қорбобо, қорқиз ва эртак қаҳрамонлари билан суратга тушди. Улар барчага ўз миннатдорлигини билдирди.

Бундан ташқари, Чирчиқ шаҳрида “Қорбобо кубоги” номли оммавий спорт тадбирлари доирасида тош кўтариш, армрестлинг ва стол тенниси бўйича мусобақалар бўлиб ўтди. Чирчиқ шаҳар спорт мактаби ташаббуси билан ташкил этилган мазкур беллашувларда ғолиблар Тошкент вилояти спорт бошқармаси томонидан ажратилган совғалар билан мукофотланди.

Шунингдек, Қибрай туманидаги 42-сонли таянч-ҳаракатида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатида ташаббускор ва саховатпеша ҳомийларнинг кўмаги билан эътиборга муҳтож болажонлар учун Янги йил байрами тадбири ўтказилди.

Республика болалар ортопедия марказида даволаниб, мазкур мактабда таълим-тарбия олаётган, таянч ҳаракатида нуқсони бўлган, ширин сўз ва меҳрга муҳтож болажонларга устозлари томонидан саҳналаштирилган байрам тадбирида қорбобо ва қорқиз ҳамда эртак қаҳрамонларининг чиқишлари мурғак қалб эгалари ҳамда уларнинг ота-оналарига байрам кайфиятини улашди.

Тадбирда ташкилотчилар томонидан 150 нафар ўқувчига янги йил совғалари топширилди.
А.Мусаев,ЎзА.