Президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашувидаги нутқидан асосий фикрлар (биринчи қисм)
–Сўнгги йилларда Марказий Осиёдаги муносабатларнинг муҳити ўзгарди, етакчилар тез-тез учрашиб, масалаларни очиқ муҳокама қилиб, ечимлар топиб, бир-бирини қўллаб-қувватлай бошлади;
–XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш мақсадида Дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани тузиш жараёнларининг якунланиши тарихий воқеа бўлди;
–Минтақа халқаро майдонда анча ишончли ва сезиларлироқ тарзда намоён бўлмоқда;
–Марказий Осиё ва қўшни минтақалар ўртасидаги ҳамкорликнинг навбатдаги босқичини белгилаб олиш керак. Бугун уларни янада мустаҳкамлаш ва аниқ мазмун билан бойитиш имконияти пайдо бўлмоқда;
–Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари фаолиятини тартибга соладиган норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича ишларни давом эттириш таклиф этилди;
–Иқтисодий ҳамкорлик янги даражага кўтарилиши керак. Ўзаро савдо ва инвестициялар ҳажмининг ўсиши бўйича жиддий мақсадлар қўйилган. Энди бу ўсиш ниманинг ҳисобига таъминланишини белгилаб олиш зарур;
–Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича 2035 йилгача мўлжалланган кенг қамровли минтақавий дастур умумий географиямиздан фойдаланишда ёрдам берадиган амалий воситага айланиши керак;
–Давлатлар билан одатдаги савдо-сотиқ қилиш энди етарли эмас, биргаликда якуний маҳсулот яратиш лозим. “Олти иқтисодиёт – битта маҳсулот” формуласи қандай маррага интилиш кераклигини яхши ифодалайди. Бу борадаги ишларни ривожлантириш учун 2027 йилда Хива шаҳрида Марказий Осиё ва Озарбайжон бизнес форумини ўтказиш таклиф этилди;
–Қўшма инвестиция лойиҳаларини молиявий-техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича махсус платформа яратиш муҳимлиги таъкидланди;
–Минтақа глобал савдонинг қуруқликдаги энг муҳим йўналишларидан бирига ва айни пайтда иқтисодий фаолликнинг йирик марказига айланиши мумкинлиги қайд этилди;
–Бундай мувофиқлаштирув учун Инфратузилмавий ривожланиш бўйича кенгаш тузишни тезлаштириш ва унинг биринчи мажлисини Ўзбекистонда ўтказиш таклиф этилди.
ЎзА