Президент қарори — инсон ҳаёти учун
Инсон ҳаётидан азиз неъмат йўқ. Уни сақлаш, узайтириш эса давлатнинг асосий вазифаларидан биридир. Кейинги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар айнан шу эзгу тамойилга хизмат қилмоқда.
Давлат тиббий суғуртаси тизими ана шу ўзгаришларнинг энг муҳим бўғини сифатида юртдошларимиз учун сифатли ва замонавий тиббий хизмат имкониятларини кенгайтирмоқда. Энг муҳими, кечагина кўпчилик учун орзу бўлиб туюлган юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари бугун давлат кафолати асосида амалга оширилаётгани юзлаб оилаларга қайтадан умид бағишламоқда.
Жиззах вилояти кўптармоқли тиббиёт марказида Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ташаббуси билан ташкил этилган пресс-турда оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар ана шу ислоҳотларнинг инсон тақдирида қандай акс этаётганига гувоҳ бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 сентябрда қабул қилинган “Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори соғлиқни сақлаш соҳасида мутлақо янги босқични бошлаб берди. Мазкур ҳужжат тиббий хизматларни молиялаштиришнинг замонавий механизмларини жорий этиш, аҳолига давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам кўламини кенгайтириш ҳамда ҳар бир фуқаронинг сифатли тиббий хизматдан тенг фойдаланишини таъминлашга ҳуқуқий асос яратди.
[gallery-30533]
Жиззах вилоятида бу тизим изчил жорий этилмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан 172 та тиббиёт муассасаси билан шартнома имзоланди. Бугун вилоятнинг 1 миллион 550 мингдан ортиқ аҳолисининг қарийб 95 фоизи DMED электрон ахборот тизимига бириктирилди. Бу эса фуқаролар учун оилавий шифокор хизмати, электрон йўлланма ва давлат кафолатидаги тиббий хизматлардан шаффоф ҳамда қулай фойдаланиш имконини яратмоқда.
Тизимнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Йил бошидан бери олти тумандаги 217 маҳаллада ўтказилган тарғибот тадбирларида минглаб тиббиёт ходимлари, маҳалла фаоллари ва фуқаролар иштирок этишди. Бироқ ҳар қандай ислоҳотнинг ҳақиқий қиймати статистикада эмас, инсон тақдирида намоён бўлади.
Пресс-тур иштирокчиларини энг кўп таъсирлантирган воқеалардан бири қуйидаги воқеа бўлди:
Жигар саратони билан оғриган Рўзиқул Эшонқулов учун вақт ҳар куни ҳаёт билан ўлим ўртасидаги масофани қисқартираётган эди. Уни қутқаришнинг ягона йўли жигар трансплантацияси бўлиб қолганди. Бу эса нафақат ўта мураккаб жарроҳлик амалиёти, балки катта маблағ талаб этадиган даволаш усули ҳисобланади.
Шу пайтда ҳаёт яна бир инсоннинг беқиёс жасорати туфайли Рўзиқул акага кулиб боқди.
Унинг турмуш ўртоғи Шаҳноза Қуйлиева иккиланмасдан ўз жигарининг бир қисмини донор сифатида беришга розилик билдирди.
Бу қарор оддий танлов эмас эди. Бу — муҳаббатнинг энг юксак ифодаси, оила учун, умр йўлдоши учун қилинган ҳақиқий фидойилик эди.
Жиззах вилояти кўптармоқли тиббиёт маркази мутахассислари томонидан амалга оширилган юқори технологияли жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтди. Бугун ҳам бемор, ҳам донор шифокорлар назорати остида соғайиб бормоқда.
Энг муҳими, бу операция Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилди.
Рўзиқул Эшонқулов ва Шаҳноза Қуйлиева бугун миннатдорлик билан бир фикрни такрорлайди: агар давлат томонидан яратилган ана шундай имконият бўлмаганида, бу орзу армон бўлиб қолиши ҳам мумкин эди.
Бу фикр ортида битта оиланинг эмас, юзлаб, минглаб инсонларнинг эртанги кунга бўлган ишончи мужассам.
Рўзиқул Эшонқулов ва Шаҳноза Қуйлиева ҳикояси бугун давлат тиббий суғуртаси тизими қандай эзгу мақсадга хизмат қилаётганининг ёрқин исботидир.
— Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Давлат тиббий суғуртаси жамғармасининг бош мақсади — инсон саломатлиги ва ҳаётини асрашдир, — дейди Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси матбуот ва PR хизмати раҳбари Сайёра Шоева. — Жамғарма орқали оғир хасталикка чалинган юртдошларимиз учун аввал қўл етмасдек туюлган юқори технологияли тиббий хизматлар давлат кафолати асосида кўрсатилмоқда. Бу тизимнинг энг катта ютуғи маблағ ёки рақамларда эмас. Унинг ҳақиқий қиймати соғайиб фарзандлари бағрига қайтган отада, она меҳрига яна мушарраф бўлган фарзандда, умиди сўнаёзган оиланинг юрагига қайтган ишончдадир. Бу ишонч Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг таъсирчан натижасидир.
Бугун Жиззах вилоятида давлат тиббий суғуртаси тизими орқали юзлаб юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари амалга оширилмоқда, аҳолига кафолатланган тиббий хизматлар кўлами тобора кенгаймоқда. Энг муҳими, оғир ташхис қўйилган инсон учун даволаниш энди маблағ топиш муаммосига эмас, замонавий тиббий ёрдам имкониятига боғланмоқда.
Жиззах вилояти кўптармоқли тиббиёт маркази директори Жаҳонгир Санақуловнинг қайд этишича, давлат тиббий суғуртаси жорий этилиши натижасида тиббиёт муассасаларида юқори технологияли даволаш усулларини қўллаш имкониятлари кенгаймоқда. Бу эса оғир ташхисли беморларни хорижга ёки пойтахтга юбормасдан, ҳудуднинг ўзида юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатиш имконини яратаётир. Соҳада рақамлаштириш ишлари ҳам жадал суръатларда олиб борилмоқда. Вилоят тиббиёт муассасаларида DMED ва MISS-2 ахборот тизимлари босқичма-босқич жорий этилмоқда. Электрон поликлиника ва электрон стационар тизимлари тиббий хизматларнинг сифати, ҳисобдорлиги ҳамда шаффофлигини янада оширишга хизмат қилмоқда. 2026 йилда давлат тиббий суғуртаси тизими асосида Жиззах вилояти тиббиёт муассасаларини молиялаштириш учун қарийб 1 триллион 600 миллион сўм маблағ ажратилгани ҳам мазкур ислоҳотлар кўлами ва аҳамиятини яққол намоён этади.
Инсон ҳаётини сақлаб қолишга сарфланган ҳар бир сўм — келажакка киритилган сармоядир. Давлат тиббий суғуртаси тизими эса ана шу эзгу тамойилни ҳаётга татбиқ этиб, инсон қадрини энг олий қадрият сифатида қарор топтираётир. Жиззахда кўрилган ҳар бир қутқарилган ҳаёт, ҳар бир соғайган бемор, ҳар бир бахтига қайта эришган оила бу ислоҳотларнинг энг ишончли баҳосидир. Зеро, давлатнинг қудрати аввало инсон ҳаётига бўлган муносабати билан ўлчанади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари