“Президент олимпиадаси”нинг навбатдаги ғолиблари аниқ
Пойтахтимиз ва Тошкент вилоятида “Президент олимпиадаси” мусобақаларининг финал босқичи давом этмоқда. Мазкур нуфузли спорт тадбири доирасида аёллар курaши ва оғир атлетика бўйича бир қатор вазн тоифаларида ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
Жумладан, Чирчиқ олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида оғир атлетика бўйича ўтказилган -64 кг. вазн тоифасидаги баҳсларда Сарвиноз Кўпайсинова (Сурхондарё) олтин медални қўлга киритган бўлса, вазни -67 кг. бўлган Тоҳир Туробов (Сурхондарё), -71 кг. вазнда Дурдона Нортожиева (Сурхондарё) шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.

“Олимпия шаҳарчаси”да ташкил этилган аёллар кураши беллашувларида Гулсанам Ўктамова (Жиззах), Мухлиса Шарипова (Хоразм), Шоҳиста Шоназарова (Хоразм), Камила Абатбаева (Қорақалпоғистон Республикаси), Гўзал Абдуллаева (Тошкент шаҳри), Муниса Мингяшарова (Навоий), Лайло Ўразбоева (Хоразм), Зарина Хонимқулова (Жиззах), Муҳайё Раҳимжонова (Тошкент шаҳри) ва Дилрабо Дуллиева (Сурхондарё) олтин медаль билан тақдирланди.


Бугун, 27 ноябрь куни юнон-рум, енгил атлетика, бокс ва оғир атлетика спорт турлари бўйича беллашувлар ўтказилади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА