Президент матбуот котиби навбатдаги брифингни ўтказмоқда
Миллий матбуот марказида бугун, 19 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизматининг навбатдаги брифинги бўлиб ўтмоқда.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари – Президент матбуот котиби Шерзод Асадов ўтган ҳафта давлатимиз раҳбари иштирокида бўлиб ўтган ҳамда жорий ҳафтада кутилаётган муҳим тадбирлар ҳақида маҳаллий ва хорижий журналистларга қўшимча маълумотлар берилди.
Ўтган ҳафта ҳам давлатимиз раҳбарининг иш жадвали жуда тиғиз ва муҳим тадбирларга бой бўлди. Президентимиз 12 апрель, душанба куни Тошкент шаҳри бўйича инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди. Унда иккита масала – лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш ва экспортни кўпайтиришга эътибор қаратилди.
Мазкур тақдимот тафсилотлари ҳақида аввал хабар берган эдик.
Брифингда Тошкент шаҳрида жорий йилда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари тармоқлар кесимида айтиб ўтилди.
Жумладан, бу йил пойтахтда электротехника саноатида 345 та, қурилиш материаллари саноатида 64 та, металлургия саноатида 11 та, тўқимачилик саноатида 51 та, озиқ-овқат саноатида 69 та, машинасозликда 9 та, фармацевтикада 13 та, бошқа тармоқларда 106 та лойиҳани амалга ошириш мўлжаллангани қайд этилди.
Умуман, ўтган йилларга қиёсланса, Тошкент шаҳрида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш юқори суръатда ривожланмоқда. Масалан, 2017 йилда саноат ишлаб чиқариш ҳажми 28 триллион сўмни ташкил этган бўлса, 2021 йилда 77,5 триллион сўмга етди ва ўсишда давом этмоқда. Ялпи ҳудудий маҳсулотда саноатнинг улуши 2017 йилда 28,7 фоизни ташкил этган бўлса, 2020 йилда 38 фоиздан ошган.
– Ўтган йил пойтахтимиздаги корхоналар томонидан 809 миллион долларлик маҳсулотлар четга сотилган. Бу йил якуни билан 889 миллион доллардан зиёд маҳсулотлар экспорт қилиниши кутиляпти, – деб таъкидлади Шерзод Асадов.
Президент матбуот котиби ушбу тақдимотда кўрсатилган “Янги Андижон” турар жой массиви ҳақида ҳам қисқача маълумот берди.
Маълумки, Андижон ҳудуди кичик, аҳоли зичлиги эса энг юқори вилоят. Унинг аҳолиси йилига 2 фоиздан зиёд ўсиб бормоқда. Шу боис Андижон шаҳрининг ҳозирги ҳудудига тегмаган ҳолда, унга яқин ерда янги турар жой мавзеси қуриш режалаштирилган.
Бу массив учун Андижон шаҳрининг шарқий томонидан 4 минг гектар ер танлаб олинган. Унинг бош режаси Туркиянинг Kentsel Yenileme Merkezi билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. У ерда 411 минг нафар аҳоли уй билан таъминланади. Бошқача айтганда, бу янги шаҳар бўлади.
Брифинг давом этмоқда.
Матназар Элмуродов, ЎзА