Президент фармони ижроси назоратда: камчиликлар бартараф этилмоқда
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Қорақалпоғистон Республикаси минтақавий вакили ҳамкорлигида Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида жойлашган давлат органлари ва ташкилотларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони ижроси ўрганилди.
– Ўрганиш давомида маҳаллий ҳокимликлар, Қорақалпоғистон Республикаси Давлат солиқ бошқармаси, Мактабгача таълим, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Қорақалпоғистон Республикаси Туризм ва спорт бош бошқармаси ҳамда уларнинг айрим шаҳар ва туман бўлимлари томонидан жами 36 нафар “Спорт тарғиботчиси” қўшимча вазифаси юкланган ходимга 70 миллион 763 минг 764 сўм устама пули тўланмаганлиги аниқланди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи Есенгелди Утепов.
– Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси, Кадастр агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Давлат кадастр палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Статистика, Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармалари томонидан тегишли ходимларга “Спорт тарғиботчиси” қўшимча вазифасини юклаш ва унинг базавий лавозим маошига 20 фоиз миқдорида устама белгилаш фармонда белгиланган муддатдан 5-8 ой ўтиб амалга оширилганлиги аниқланди.
Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасида фармонда белгиланган талаблар ўрганиш кунигача ижроси таъминланмаганлиги яъни, тегишли ходимга “Спорт тарғиботчиси” қўшимча вазифаси юклатилмаганлиги аниқланди.
Шу билан бир қаторда, фармонда “Спорт тарғиботчиси” қўшимча вазифасини меҳнат жамоаларида фаолият юритаётган ходимга юклаш назарда тутилган бўлсада, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан вазирликнинг тегишли буйруғига асосан “Спорт тарғиботчиси” қўшимча вазифаси Ўзбекистон “Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамиятининг Қорақалпоғистон ҳудудий бўлими мураббий-ўқитувчисига юклатилганлиги аниқланди.
Аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф қилиш мақсадида вазирлик томонидан тегишли давлат органлари ва ташкилотларига 10 та тақдимнома, амалдаги меҳнат қонунчилиги талабларини бузган лавозимли шахсларни маъмурий жавобгорликка тортиш масаласини кўриб чиқиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, шаҳар ва туман бўлимлари марказларига жами 31 та маъмурий таклиф, тегишли судларга 65 миллион 742 минг 452 сўмлик 34 та даъво ариза киритилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА