Президент қарори билан Денов университети ташкил этилади
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Денов университетини ташкил этиш тўғрисида” ги қарор лойиҳаси жойлаштирилди.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Денов университетини ташкил этиш тўғрисида” ги қарор лойиҳаси жойлаштирилди.
Унда қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг Термиз давлат университетининг Денов филиали негизида Денов университетини (кейинги ўринларда Университет деб юритилади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилади. Университет Термиз давлат университети Денов филиалининг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
Ҳужжатга асосан, қуйидагилар Университетнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:
ижтимоий соҳа учун логистика, туризм, агробизнес, баҳолаш иши ва риэлторлик, чарм ва мўйна буюмлари технологияси ва конструкцияси, рақамли иқтисодиёт, геодезия, картография ва кадастр, тўқимачилик, бизнес-аналитика, дастурлаш, бизнесни бошқариш ва тадбиркорлик, корпоратив бошқарув, кичик бизнес, банк иши, мактабгача таълим, иқтисодиёт соҳалари учун инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш, бошланғич таълим, ёшлар билан ишлашни ташкил этиш, ёшлар социологияси, амалий санъат, дизайн ҳамда эҳтиёж юқори бўлган бошқа мутахассисликлар бўйича малакали кадрларни халқаро стандартлар даражасида сифатли тайёрлашни таъминлаш;
етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда эҳтиёж юқори бўлган таълим йўналишлари бўйича қўшма таълим дастурлари асосида малакали кадрлар тайёрлаш;
етакчи хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда илмий вазифаларини ҳал этишга йўналтирилган илмий-амалий тадқиқотлар олиб бориш;
ўқув ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш, таълим ва илмий изланишлар жараёнига мутахассисларни кенг жалб этиш мақсадида республика ва хорижнинг етакчи олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказлари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш;
хорижий илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, олим ва мутахассисларини жалб этган ҳолда эҳтиёж юқори бўлган иқтисодиётнинг турли соҳаларидаги кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курсларини ташкил этиш, ўқув жараёнига замонавий таълим технологияларини ва масофавий ўқитиш усулларини жорий этиш;
республика ва хорижнинг олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказларга истиқболли ёш битирувчиларни магистратура ва докторантурага мунтазам юбориш орқали Университетнинг илмий-педагогик салоҳиятини ошириш.
Маълумот учун, университет фаолияти 2020/2021 ўқув йилидан бошланади;
Термиз давлат университети Денов филиалининг талабалари таълим йўналишлари бўйича Университетда ўқишини давом эттирадилар;
Университетга талабаларни қабул қилиш сони белгиланган тартибда ҳар йили тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш параметрларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.