Президент Администрацияси: ваколат, ҳамкорлик ва масъулиятнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди
2026 йил 14 августда «Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси тўғрисида»ги конституциявий қонун кучга кирди. Президент Администрацияси фаолияти илк бор конституциявий қонун даражасида яхлит тартибга солинди.
ЎзА мухбири конституциявий қонуннинг мазмун-моҳияти, унинг давлат бошқаруви тизимидаги аҳамияти ва амалиёт учун янгиликлари ҳақида ТДЮУ профессори, юридик фанлар доктори Фозилжон Отахонов билан суҳбатлашди.
– Фозилжон Ҳайдарович, аввало, янги конституциявий қонуннинг қабул қилиниши қандай заруратдан келиб чиқди ва унинг асосий аҳамияти нимада?
– Президент Администрацияси давлат органлари тизимида алоҳида ва муҳим ўрин тутади. Янги Конституциявий қонуннинг мақсади – Президент Администрацияси фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишдан иборат. Унда Администрациянинг ҳуқуқий мақоми, фаолиятининг асосий принциплари, шаклланиши, вазифа ва ваколатлари, Президент Администрацияси раҳбарининг ҳуқуқий мақоми, давлат органлари билан муносабатлари ҳамда ходимлар фаолиятининг кафолатлари белгиланган.
Айниқса, Администрация фаолиятининг асосий принциплари сифатида Конституция ва қонунларнинг устунлиги, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг устуворлиги, холислик, мустақиллик, очиқлик ва шаффофлик белгилангани принципиал аҳамиятга эга.
Шу маънода ушбу қонунни фақат ички ташкилий масалаларни тартибга солувчи ҳужжат сифатида баҳолаш тўғри эмас. У давлат органлари тизимида ваколат ва масъулиятнинг ҳуқуқий чегараларини аниқлаштиришга қаратилган муҳим институционал қадамдир.
– Қонунда Президент Администрациясининг ҳуқуқий мақоми ва асосий вазифалари қандай белгиланган?
– Администрациянинг вазифалари ижрони назорат қилиш билан чекланмайди. Қонунга кўра, Президент Администрацияси – Президентнинг давлат бошлиғи сифатида давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритиши ва ҳамкорлигини таъминлашга кўмаклашадиган, Президент ваколатларини амалга оширишни ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлайдиган давлат органидир.
Администрация Президентнинг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари ижроси доирасида давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятини мувофиқлаштиради, мазкур ҳужжатлар ижросини мониторинг қилади ва назоратини ташкил этади. Администрация ўз фаолиятида бевосита Президентга бўйсунади ва унга ҳисобдордир.
Администрациянинг асосий вазифалари қаторига давлат сиёсати ва ислоҳотларни ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлаш, мамлакатда қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга кўмаклашиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашиш, шунингдек, давлат бошқаруви самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш каби йўналишлар ҳам киради.
Яна бир муҳим жиҳат – Администрация Президент фармонлари, қарорлари ва фармойишлари лойиҳаларини мустақил равишда ишлаб чиқишга ҳақли. Демак, унинг фаолияти ижрони назорат қилиш билан бир қаторда, қарорларни тайёрлаш ва давлат сиёсатига оид таклифларни ишлаб чиқишни ҳам қамраб олади.
– Президент Администрациясининг Олий Мажлис палаталари, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда ҳудудий давлат органлари билан муносабатлари қандай ҳуқуқий асосда ташкил этилади?
– Конституциявий қонун бу масалаларни ҳам аниқ белгилаб берган. Администрация Олий Мажлис палаталари билан давлат сиёсатининг устувор йўналишлари бўйича доимий мулоқотни таъминлайди, Президентнинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи амалга оширилишини таъминлайди. Президент томонидан парламент палаталарига киритиладиган дастурий ҳужжатлар ва бошқа масалаларни тайёрлашни мувофиқлаштиради. Шунингдек, Президентнинг қонунни эътирозлари билан Олий Мажлисга қайтариш ҳуқуқи амалга оширилишини ташкилий жиҳатдан таъминлайди.
Вазирлар Маҳкамаси ва унинг бўйсунувидаги давлат органлари ҳамда ташкилотлари билан муносабатларда эса Президент ҳужжатлари ижроси доирасида идоралараро ҳамкорликни мувофиқлаштириш, ижрони мониторинг қилиш ва назоратни ташкил этиш, миллий ривожланиш стратегиялари, давлат дастурлари ва миллий лойиҳалар амалга оширилиши мониторингини ташкил этиш каби вазифалар белгиланган.
Ҳудудлар билан муносабатларда эса Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан ишлашнинг алоҳида механизми назарда тутилган. Жумладан, Администрация вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари фаолиятини мувофиқлаштиради, мониторинг ва назорат қилади, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолатини таҳлил қилади ҳамда аниқланган муаммоларни ҳал этиш бўйича Президентга асосланган таклифлар киритади.
– Суд ҳокимияти билан муносабатларда қандай ҳуқуқий чегаралар белгиланган? Бу ҳамкорлик суд ҳокимияти мустақиллигига таъсир қилмайдими?
– Бу масалада энг муҳим жиҳат – ҳамкорликнинг аниқ ҳуқуқий доирасини белгилашдир. Қонуннинг 19-моддасига кўра, Администрация суд ҳокимияти ва судьялар ҳамжамияти органлари билан ҳамкорлик доирасида Президентга ҳамкорликка оид масалалар бўйича таклифлар ва таҳлилий материаллар тайёрлайди, Президентнинг суд ҳокимияти ва судьялар ҳамжамияти органлари билан ҳамкорлигига оид ваколатларини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлайди.
Шунингдек, Администрация суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни мувофиқлаштиради. Суд тизимини ислоҳ қилишга доир таклифларни ишлаб чиқади ҳамда судлар ва судьялар ҳамжамияти органлари фаолияти учун зарур ташкилий ва ҳуқуқий шарт-шароитларни яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқилишини таъминлайди.
Бу ерда муҳим жиҳат шуки, мазкур ҳамкорлик суд ҳокимиятининг процессуал мустақиллигига аралашиш сифатида талқин қилинмаслиги керак. Конституциявий қонун Администрациянинг суд ҳокимияти билан ҳамкорлигини аниқ ҳуқуқий ваколатлар доирасида белгилайди.
– Конституциявий қонунда коррупцияга қарши курашиш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, шунингдек, очиқлик ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича қандай механизмлар назарда тутилган?
– Бу борада ҳам конституциявий қонунда аниқ механизм белгиланган. Давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш, манфаатлар тўқнашуви ва коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш чораларини кучайтириш мақсадида ташкил этиладиган комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти Администрациянинг комплаенс хизмати томонидан мувофиқлаштирилади.
Республика даражасидаги давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосарлари ёки маслаҳатчилари Администрация раҳбари томонидан лавозимга тайинланиши ва лавозимидан озод этилиши ҳамда ўз фаолияти давомида Администрация вакили мақомига эга бўлиши белгиланган.
Очиқлик ва шаффофлик эса Администрация фаолиятининг асосий принципларидан бири сифатида белгиланган. Бироқ, очиқлик қонун билан қўриқланадиган ахборотни ошкор қилиш дегани эмас. Конституциявий қонун Администрацияда давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларни ҳимоя қилишни, махфий иш юритишни ва ахборот хавфсизлигини таъминлашни ҳам назарда тутади.
Демак, замонавий давлат бошқарувида муҳим вазифалардан бири – очиқлик ва ахборот хавфсизлиги ўртасида оқилона ҳуқуқий мувозанатни таъминлашдир.
– Администрация мансабдор шахслари ва ходимларининг ҳуқуқий мақоми, уларнинг ҳуқуқий ҳимояси ва масъулияти қандай белгиланган?
– Конституциявий қонуннинг 3-боби бевосита Администрация мансабдор шахслари, бошқарув ва хизматчи ходимлари фаолиятининг кафолатларига бағишланган. Унда уларни моддий рағбатлантириш, ижтимоий таъминоти, ҳуқуқий ҳимояси, дахлсизлиги ва ишга жойлаштириш кафолатлари белгиланган.
Жумладан, Администрациянинг мансабдор шахслари ва бошқарув ходимлари ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариши чоғида давлат ҳимоясида бўлади. Уларнинг вазифаларини бажаришига монелик қилиш, шаъни ва қадр-қимматини ҳақорат қилиш, таҳдид ёки зўрлик қилиш, ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига тажовуз қилиш қонунчиликда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.
Шу билан бирга, қонун ходимларнинг ҳуқуқий ҳимояси билан бир қаторда, Администрация тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этиш ва белгиланган мажбуриятларни бажариш масъулиятини ҳам назарда тутади. Яъни, ҳуқуқ ва мажбурият, ваколат ва масъулият бир-биридан ажралмас тушунчалардир.
– Суҳбатимиз якунида айтинг-чи, конституциявий қонуннинг давлат органлари фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишдаги энг муҳим аҳамиятини нимада кўрасиз?
— Менимча, мазкур конституциявий қонуннинг аҳамиятини шартли равишда қуйидаги формула билан ифодалаш мумкин: ваколат → қонунийлик → очиқлик → ҳисобдорлик → масъулият.
Конституциявий қонун Президент Администрациясининг ҳуқуқий мақоми, вазифа ва ваколатларини аниқ белгилаш билан бирга, унинг фаолиятини Конституция ва қонунларнинг устунлиги, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг устуворлиги, холислик, мустақиллик, очиқлик ва шаффофлик принциплари билан боғлайди.
Энг муҳими, ҳар қандай ҳуқуқий норманинг ҳақиқий самараси унинг амалиётда қандай ишлаши билан белгиланади. Зотан, давлат органининг ҳақиқий нуфузи ва самарадорлиги унинг ваколатлари кўлами билан эмас, балки Конституция ва қонунларга қатъий риоя қилган ҳолда, ўз зиммасига юклатилган вазифаларни масъулият билан бажариши ва инсон манфаатларига хизмат қилиши билан белгиланади.
ЎзА мухбири
Норгул Абдураимова
суҳбатлашди.