Пойтахтимиз янгиланиш жараёнида
Тошкент шаҳар ҳокимлигида пойтахтимизда ягона дизайн-кодни жорий этиш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда дизайн-код концепцияси, унинг мазмун-моҳияти ва амалий аҳамияти тақдим этилди. Тадбирда шаҳар муҳитини яхлит, эстетик ва тартибли шакллантириш, ташқи кўриниш, пешлавҳа ва реклама жойлаштириш, фасадлар ва жамоат маконларини тартибга солиш бўйича асосий ёндашувлар муҳокама қилинди.

Шунингдек, дизайн-кодни ишлаб чиқиш асослари, уни жорий этиш босқичлари ва механизмлари, тарихий муҳитни сақлаш, ободонлаштириш стандартлари ҳамда жамоат маконларини ривожлантиришга оид масалалар юзасидан батафсил маълумот берилди.

Тадбир давомида журналистлар, жамоатчилик вакиллари ва бизнес ҳамжамияти томонидан таклифлар билдирилди.
Билдирилган фикрлар келгусидаги иш жараёнида инобатга олиниши таъкидланди.
Гулноза Бобоева, ЎзА