Пойтахтда салқин микроиқлим яратиш мақсадида 12 та сунъий кўл барпо этилади
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент шаҳри, хусусан, Сергели туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.
Йиғилишда қайд этилишича, Сергели туманидаги айрим мактаблар қувватидан 1,5–2 баравар юқори юклама билан ишламоқда. Шу муносабат билан мактабларда ўқувчи ўрнини 2 баравар кўпайтириш имконини берадиган янги лойиҳадаги мактаблар қуришни бошлаш таклиф этилди.
Янги лойиҳага кўра, спорт зали, ошхона ва устахона бинонинг ертўла қисмида жойлаштирилади, юқори қаватлардан эса синф хоналари сифатида фойдаланилади. Жорий йилда Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида биттадан мактаб ва боғчада ушбу тажрибани йўлга қўйиб, «пойтахт тажрибаси»ни яратиш топширилди.
Пойтахтда аҳоли ва туристлар учун салқин микроиқлим яратиш мақсадида 12 та сунъий кўл барпо этиш ишлари бошланмоқда. Шундан 3 таси Сергели туманининг Қўшқўрғон, Султонобод ва Фароғатли маҳаллаларида, жами 22 гектар майдонда ташкил этилади. Ушбу кўллар атрофини пойтахт иқлимини мўтадил сақлашга, одамлар пиёда сайр қилиб, ҳордиқ чиқаришига хизмат қиладиган замонавий масканларга айлантириш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, «Жўн» каналининг Сергели ва Янгиҳаёт туманларидан ўтган 5 километрлик қисмини бетонлаштириш бошлангани қайд этилди. Сергели ва Янгиҳаёт туманлари ҳокимларига йил якунига қадар канал бўйида сайилгоҳ ва саломатлик йўлакларини ташкил этиш топширилди.
Бундан ташқари, Чирчиқ дарёсининг пойтахт ҳудудидан ўтган 16 километрлик қисмида ўзанни мустаҳкамлаш ишлари бошланиб, қўшимча 300 гектар майдонда «яшил белбоғ», сайилгоҳлар, пиёдалар ва велосипед йўлаклари ташкил этиладиган бўлди.
ЎзА