Пойтахтда доимий ёки вақтинча рўйхатда турмаган ота-онанинг фарзанди 1-синфга қабул қилинмайдими?
Маълумки, амалдаги қабул тартибида асосий эътибор боланинг мактабга бириктирилган микроҳудудига қаратилади.
Давлат мактабларига 1-синфга қабул микроҳудуд доирасида ва микроҳудуддан ташқарида икки босқичда амалга оширилади.
Қайд этилишича, пойтахт мактабларида 1-синфга қабул учун аксарият ота-оналардан пойтахтда доимий ёки вақтинча рўйхатда турганлиги хусусида маълумотнома талаб этилган.
Шу ўринда савол туғилади: ота-онанинг доимий рўйхатда туриши ҳал қилувчи мезонми?
Болалар умумтаълим мактабининг 1-синфига 7 ёшга тўладиган йилда қабул қилинади.
Тошкент шаҳрида 1-синфга қабул жараёни тўлиқ онлайн шаклга ўтказилган. 2026/2027 ўқув йилида электрон қабул қамрови ҳам кенгайтирилган бўлиб, Тошкент шаҳридаги мактаблар тўлиқ онлайн қабул шаклига ўтказилган. Яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган ва ҳақиқатда шу ҳудудда яшайдиган оиланинг фарзанди ўзига бириктирилган микроҳудуддаги мактабга жойлаштирилади. Электрон давлат хизмати кўрсатиладиган ҳудудларда ариза ЯИДХП ёки Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг тегишли электрон портали орқали берилади. Қабул хизмати бепул.
Умумий қоидага кўра, болалар 1-синфга тайёргарлик даражасидан қатъи назар, танловсиз қабул қилинади. Қонунчиликда алоҳида тартиб белгиланган ихтисослаштирилган таълим муассасалари бундан мустасно. Электрон давлат хизмати жорий этилмаган ҳудудларда ота-она ёки қонуний вакил мактабга белгиланган тартибда мурожаат қилади.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Дилфуза Собированинг сўзларига кўра, айни дамда ўқувчининг Тошкент шаҳридаги мактабларнинг бошланғич синфларига қабул қилиниши учун ота-оналардан пойтахтда доимий ёки вақтинча рўйхатда турганлиги борасида маълумотнома талаб этилади. Мутахассисга кўра, бу тартиб ўқувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун жорий этилган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА