Пойкент – Бухоро воҳасининг энг қадимий шаҳри
Бухоро воҳасининг энг қадимги шаҳарларидан бири, тарихий манбаларда «Мадина-ал-тужжор», «Савдогарлар шаҳри» деб таърифланган қадимги Пойкент Сўғдиёнанинг жанубий-ғарбий чегарасидаги шаҳар бўлган.
Бухоро воҳасининг энг қадимги шаҳарларидан бири, тарихий манбаларда «Мадина-ал-тужжор», «Савдогарлар шаҳри» деб таърифланган қадимги Пойкент Сўғдиёнанинг жанубий-ғарбий чегарасидаги шаҳар бўлган.
Шаҳарнинг пайдо бўлиши, мозийнинг узоқ ўтмишларига бориб тақалади. Х асрда яшаб ўтган тарихчи Муҳаммад Наршахий "Пойкент Бухородан қадимийроқдир”, деб ёзиб қолдирган. Машҳур «Шоҳнома» китобида, Фирдавсий афсонавий оҳангларда Пойкентнинг бунёд этилишига тўхталиб, “Кайхусрав Пойкентда олов ибодатхонасини қурди, деворларига зардуштийларнинг муқаддас китоби «Авесто»ни Олтин ҳарфлар билан ёздириб қўйди”, деган сатрларни битган.
Буюк ипак йўли устида жойлашган бу шаҳарнинг ички қисми ўша даврда жуда катта майдонни эгалламаган бўлсада, Арк, 1-шаҳристон ва 2-шаҳристон қисмларидан ташкил топиб, кучли мудофаа деворлари билан ўраб олинган.
Ўша давр тарихчиларининг ёзишларича, мудофаа деворларининг ташқарисида 1000 дан 3000 тагача работлари, карвонсаройлари ва қасрлари мавжуд бўлган. Шаҳарнинг ичкарисидаги айрим йўллар ва аксарият йўлаклар тош плиталар билан қопланган бўлиб, оқава сувларини шаҳар ташқарисига чиқарувчи канализация ва ўша давр учун жуда қиммат турадиган ичимлик суви тарқатадиган сув оқава тизими барпо этилган бўлган.
Милодий эранинг ХII асри ўрталарига келиб сувсизлик оқибатида шаҳар таназзулга учраган ва вайронага айланган. Кейинчалик маҳаллий халқ орасида «Шаҳри вайрон» номини олган.

ХIХ асрнинг II ярмидан рус тарихчи тадқиқотчилари Қадимги Пойкент шаҳри харобаларини ўрганиш билан қизиқа бошлаган. 1897 йилда подполковник И.Т. Пославский шаҳар харобаларини айланиб чиққан ва бу ҳақда маълумотлар ёзиб қолдирган. 1913-1914 йилларда археолог Л.А. Зимин шаҳарнинг Сомонийлар ва Қорахонийлар даврига мансуб бир неча хоналарини очиб ўрганган, ҳамда қизиқарли нумизматика ва сопол материалларини тўплаган.
1981 йилдан эътиборан ҳозиргача бу ерда Ўзбекистон Республикаси ФА Археология Институти ва Россия давлат Эрмитажи ҳамкорлигидаги Бухоро археологик экспедицияси ўз тадқиқотларини олиб бориб, шаҳар ҳаётининг турли даврларига оид жуда кўплаб маълумотларни йиғди. Қарийб 10 мингга яқин ноёб археологик экспонатлар тўпланди. Шулар асосида Бухоро давлат музей қўриқхонаси Қадимги Пойкент тарихи музейи ташкил этилди. Музейда тарихимиз, ўтмиш санъатимиз ва ҳунармандчилигимизнинг турли йўналишларини ўзида акс эттирган ажойиб экспозициялар фаолияти йўлга қўйилди.
Музейнинг илк ўрта асрларни ёритувчи залида Пойкентдан топилган сопол терракота-аёл маъбуда ҳайкалчаси намойишга қўйилган. Бу ҳайкалча Сўғднинг жанубий-ғарбидаги Пойкент шаҳридан топилган энг қадимги санъат намуналаридан бири бўлиб, V- VI асрларга мансубдир. Аёл маъбуда ҳайкалчаси зардуштийлик анъаналари асосида махсус қолипда қўйилган бўлиб, зардуштийлик эътиқодидаги Анахита тимсолига ўхшаб кетади.
Ушбу ҳайкалча билан бирга, музейда қарийб шу даврларга мансуб, будда ҳайкалчасининг бош қисми (4,9 см), қўлида пазух-(асо) ушлаган ноаниқ эркак персонаж (эҳтимол қадимги худолардан биридир, баландлиги 10,12 см) намойиш қилинган.
Бу кейинги икки шакл ҳам сополдан ишланган бўлиб, махсус қолипда қўйилган ҳамда шу усулда тайёрланган кўп сонли маҳсулотлардан нусхалар бўлса ажаб эмас.
Исломгача бўлган даврда Пойкентда ҳам Варахша, Афросиёб, Панжикент каби шаҳарлардаги сингари деворий расм саънати мавжуд бўлган. У бино ички безакларининг ажралмас қисми саналган. Пойкентдаги деворий расмлар юқорида тилга олинган шаҳарлардагига нисбатан кам ва айтиш мумкинки жуда ёмон аҳволда топилган. Бунга сабаб яна ўша шаҳарнинг кам ўрганилганлиги ҳамда араб истилоси даврида кўпроқ вайронага учраганлигида дейиш мумкин.
Шунингдек музей экспозициясидан рангтасвир намуналарининг ўрин олганлигини, унда қизил, қора, сариқ ва жигар рангидаги бўёқларда ишланган ажойиб композиция қолдиқларини ҳам кўриш мумкин.
Топилган деворий сурат бўлакларида тасвирлар жонли тарзда акс эттирилган. Масалан деворий суратлардан бирида аёл нигоҳи шунчалик жозибали таъсирчан акс эттирилганки, томошабин унга қайси томондан қарайдиган бўлса, гўёки нигоҳ ҳам унга шу томондан қараётгандек бўлаверади.

Пойкентдан топилган бошқа бир деворий расм бўлагида ҳайвонлар яъни шер) билан боғлиқ саҳна акс эттирилганини илғаш мумкин. Бу нарса ранг-тасвирнинг ўша даврда Варахша, Афросиёб шаҳарларидаги сингари ананалари асосида яратилганлигини кўрсатади. Биз биламизки бинокорликда қадимдан бинолар ичкарисини безаш ҳам ажойиб санат даражасига кўтарилган. Музей залида деворий расмлар қолдиқлари билан биргаликда исломгача бўлган даврларга тегишли хонадонлар ички интерьерлари безаклари ҳам намойиш қилинган. Бу безаклар оддий лойдан махсус қолипда қуйиб тайёрланган. Уларда геометрик, ўсимликсимон ва зооморф орнаментлар тасвирланган. Мисол учун хоналар ва хонадаги жиҳозлар суфалар, ғиштин сандиқлар, баъзи ҳолларда оташкадалар бурчакларини безатишга мўлжалланган, колонналарни кўрсатиш мумкин. Уларда тўртбурчак, ромб, айлана элементлари, «трилистник» - уч ўсимлик япроқлари, яна ўша давр учун муқаддас ҳисобланган товус тасвирлари аниқ ва маҳорат билан ишланган.
Ўлкага исломнинг кириб келиши, исломлаштириш билан боғлиқ равишда Пойкентдаги санъат услублари ва шакллари ҳам ўзгара бошлаган. Бу ерга жонли нарсаларни тасвирлаш маданияти ўрнига нақш санъати кириб келган. Буни шаҳар бинокорлигида, кулолчилигида ҳам яққол кўриш мумкин. Мовароуннаҳр заминида исломнинг қарор топиши, баъзи санъат турларининг илгариги тараққиётини секинлаштирган бўлсада лекин батамом йўқолиб кетишига олиб келмаган.
Х-ХI аср Пойкент кулолчилигида илгариги анъаналар ҳали давом этаётганлигини кўриш мумкин. Қадимги Пойкент тарихи музейида сақланаётган Х-ХI асрлар кулолчилик маҳсулотларида турли хил ҳайвонлар ва қушлар тасвирлари учрайди.
Экспозициядаги сопол қолипда ҳайвонлар мавзусидаги сюжет ўйиб ишланган. Қолипнинг сопол буюмларни кўп миқдорда ишлаб чиқаришда фойдаланилганлигини инобатга олинадиган бўлса ҳали ҳайвонлар мавзуидаги сюжетлар тасвири оммавий бўлган деб хулоса қилиш мумкин. Қолипда ясалган сопол идиш қопқоқларида кўпроқ чумчуқ, ўрдак ва кабутарларнинг тасвирларини кўриш мумкин.
Исломлаштириш билан боғлиқ равишда, бадиий дунёқараш, санъат услублари ва шакллари ҳам ўзгара бошлаганлиги маълум, ушбу омил таъсирида Мовароуннаҳр санъатида янги давр юзага келган. Бу ҳолат қадимги Пойкент шаҳрида ҳам ўз аксини топган. Тасвирий маданият ўрнини эгаллаган нақш санъати ҳам бадиий ҳунармандчилик, ҳам меъморий безашда иншоотларни етакчилик мақомини олган.
Афросиёб, Лашкари Бозор, Самарра, Термиз саройлари X-XI асрларда монументал ганчкорлик намуналари билан безатилганлиги илгаридан маълум. Қадимги Пойкентнинг кўпроқ вайронага учрагани сабабли бу хилдаги монументал ганчкорлик намуналари яхлит холда сақланиб қолмаган. Бироқ шаҳарда археологик ишлар ҳали якунига етмаганлигини ва у узоқ вақтлар ўрганишлар давом эттирилишини инобатга оладиган бўлсак келгусида албатта бундай монументал ганчкорликнинг юксак намуналари топилишига аминмиз.

Пойкентда ҳали бирон жойда учрамаган X-XI асрларга мансуб, исломий ва ҳандасавий мавзулар ясси ва юпқа безаклар орқали тасвирланган ганчкорлик композициялари оддий шаҳарликлар хонадонларидан топилган.
2001-2002 йиллардаги археологик қазишмаларда Қадимги Пойкент II шаҳристони ҳудудида бир хонадон деворий ганч қолдиқлари очиб олинган ва дала шароитида бу намуналар синтетик полимер ПБМА билан ишлов берилиб қадимги Пойкент тарихи музейига олиб келинган. Узоқ давом этган меъморий тиклаш амалиётларидан сўнг ушбу намуналар яхлит ҳолатга келтирилиб музей экспозициясига қўйилган.
Ўзбек халқининг юксак маданияти ва санъати тараққиётида халқимизнинг ўтмиши, қадимий аждодлар, турмуш тарзи, воқеликни ўзлаштириш ва ўзгартириш, шунингдек, бадиий-эстетик дунёқарашларидан гувоҳлик берувчи қадимги Пойкент шаҳар қолдиқларининг ўрни жуда катта бўлиб бугунги авлод, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Бухоро вилояти
маданий мерос бошқармаси