Пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2026 йилда 100 миллион жуфтга, 2027 йилда 115 миллион жуфтга етказилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти “Чарм-пойабзал саноатида тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ҳамда экспорт салоҳиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.
Қарорда мамлакатимизда чарм хомашёсини чуқур қайта ишлаш ҳажмини кенгайтириш, терини қайта ишлаш корхоналарини замонавий экологик талабларга мослаштириш, юқори қўшилган қийматли ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган.
Қарорга мувофиқ, қуйидагилар 2026-2027 йилларда чарм-пойабзал саноатини
ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб белгиланди:
а) чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 2026 йилда 690 миллион дециметр квадратга, 2027 йилда 800 миллион дециметр квадратга олиб чиқиш;
б) пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 2026 йилда 100 миллион жуфтга, 2027 йилда 115 миллион жуфтга етказиш;
в) экспорт ҳажмини 2026 йилда 110 миллион АҚШ долларига, 2027 йилда 150 миллион АҚШ долларига етказиш;
г) чарм-атторлик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 2026 йилда 246 миллиард сўмга, 2027 йилда 300 миллиард сўмга етказиш;
д) чарм-пойабзал саноатида қўшилган қийматни 2026 йилда 860 миллиард сўм, 2027 йилда 1,2 триллион сўмга етказиш.
Қарорга кўра, 2026-2028 йилларда ҳудудларда чарм-пойабзал саноатини босқичма-босқич йирик кооперацияларни ташкил қилиш асосида ривожлантириш бўйича "йўл харитаси" ишлаб чиқилади ва амалга оширилади.
Қарор билан 2026-2028 йилларда ҳудудларда маҳаллий ташаббускорларни аниқлаган ҳолда ветеринария-санитария талабларига жавоб берадиган тери ва жун хомашёсини йиғиб олиш пунктларини ташкил қилишнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.
Тери ва жун хомашёсини йиғиб олиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари мазкур фаолияти бўйича 2026 йил 1 июлдан 2029 йил 1 июлга қадар фойда солиғи, мол-мулк солиғи, ер солиғи ва айланмадан олинадиган солиқни тўлашдан озод қилинади.
Тери ва жун хомашёсини йиғиб олиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига тери ва жун хомашёсини йиғиш мақсадларига айланма маблағларни тўлдириш учун тижорат банкларидан олинган миллий валютадаги кредитлар бўйича фоиз ставкаларининг Марказий банк асосий ставкасидан юқори, бироқ 10 фоизлик пунктидан ошмаган қисми, хорижий валютадаги кредитлар бўйича фоиз ставкаларининг 5 фоизи "Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси" АЖ томонидан компенсация қилиб берилади.
ЎзА