“Порох ҳиди билан улғайдим”
Эссе
Йиғма каравотда, тепага қараб, қимир этмай ётибман. Бемажол. Оёғим учига адёл ташланган. Шифтдан осилиб турган чироқ кўзимга тушиб, қаттиқ азоблаяпти. Игнадек санчилади. Қошларимни чимириб, юзимни тириштираман. Жиловини йўқотган ўйларим аллақаерларда кезмоқда. Миямни турли фикрлар пармалайди. Дафъатан эшик тақиллади. Ўнг қўлимга таяниб, жойимдан оғриниб турдим. Овоз келган томонга чайқалиб борар эканман, оёқларимда умуман мадор йўқлигини ҳис қилдим. Титраяпти...
Эшикни очдим.
– Тайёр бўлсангиз кетамиз, – деди кечадан буён менга ҳамроҳлик қилиб келаётган кичик сержант. – Мусобақа бошланишига оз қолди.

У баланд бўйли, бақувват, елкалари бўйнига қўшилиб кетган. Ранги қизил. Бурундор. Кўзлари бироз қисиқ. Пастки лаби эса юқоридагига нисбатан қалинроқ эди.
Машинада Марказий ҳарбий округга қарашли “Фориш” тоғ дала-ўқув майдонига етиб борганимизда қуёш бошимиз устига келганди. Ҳаво салқин. Майин шабада эсяпти.
Аллақачон мусобақа бошланган экан.
Майдонда экипаж аъзолари шиддатли баҳс олиб боряпти. Танклар шахт билан олға юради. Уларнинг моторларидан чиқаётган ғувуллаган товуш қулоқларни қоматга келтиради. Тишли ғилдираклардан отилиб кетаётган тупроқлар чор томонга сачрайди. Ҳавода чанг тирмашиб чиқиб, тепага қараб кўтарилаверади. Сўнг борлиққа сингиб кетади. Мана энди ҳеч вақо кўринмай қолди.
– Ҳозир отади, – дейди томошабинлар орасида ўтирган ҳарбий хизматчи жарангдор овозда. У икки қўли билан бошини маҳкам ушлаб олган. Кўзлари тўғрига қадалган. Чуқур-чуқур нафас олди.
Айланани босиб ўтган танкчилар белгиланган нуқтага келиб тўхтаб, тўғридаги нишонни мўлжалга олди. Ўт оч буйруғидан сўнг “бум”, деган овоз янграйди. Шунда қўрқув вужудни қамраб олади. Снаряд ўзидан оловли из қолдириб, нишонни титиб, кулини кўкка совурди.
– Тегди!, – дейди боядан бери қаттиқ ҳаяжонда турган подполковник баланд овозда. Кейин ёнидаги ҳамроҳини бағрига босиб, елкасига мамнун уриб қўйди. Қарсаклар чалинди.
Ўша экипаж эътиборимни тортади. У барча тўсиқларни тез босиб ўтди. Нишонларни ҳам бехато урди. Танк йўлда учраган тошларни аёвсиз эзғилаб, тўфондек бостириб келарди. Ўзидан илдамлаб кетган чанг қарини ёриб ўтиб, маррага ҳам биринчилардан бўлиб кириб келди...
Ёнимдаги кичик сержантга қарайман. Гавдасини ғоз қилиб олган. Юзимга тепган ҳайратимни англаб, тилга кирди:
– Экипажга Ҳошимов командирлик қиляпти, – деди у жиддий туриб. – Маҳоратли танкчи. Келажаги бор.
Шундай қилиб, 2019 йилда Мудофаа вазирлигида биринчи марта ўтказилган “Танк биатлони” мусобақасида Ҳошимов биринчи ўрин қўлга киритиб, тилга тушди.
Баҳслардан сўнг Муҳриддин билан танишдим. Ўрта бўйли, озғиндан келган йигит. Буғдойранг. Кўзлар чақнаб туради. Камтар. Аммо қатъиятли...
Бу танишувга ҳам анча бўлди. Сўнг у кўплаб мусобақаларда зафар қучди. Халқаро армия ўйинларининг энг шиддатли ва томошабинларга завқ берган “Танк биатлони”да Ўзбекистон шаънини муносиб ҳимоя қилди. Дунёнинг илғор армияларининг танкчилари ўзаро кураш олиб борган майдонда маҳоратини кўрсатди. Қайтмади. Қўрқмади ва ғалабалар келтирди.
Муҳриддин муддатидан олдин ҳарбий унвонлар, давлат мукофотларини олди. Сўнг Маҳфузани учратдию унинг ишқида ёнди. Муҳаббат чашмасидан симирди. Тунларни бедор, дармонсиз ўтказди. Суйгани билан оила қургач, барча азоблар тумандек тарқалди. Кейин кетма-кет икки ўғилли бўлди. Шунда у бахтдан икки карра учиб юрди, сармаст бўлди. Ватан ичра Ватан қурди. Ҳозир ҳарбий қисмда командир. Ҳам етакчи, ҳам ҳимоячи сифатида гарданига янада масъулият юкини олди. Чўчимади. Қайтанга, талабчанлиги янада ошди.
Ҳошимов билан тағин “Фориш”даги полигонда кўришдик. Шу куни иккимиз ҳаёт ҳақида кўп гурунглашдик.
– Ҳаммаси ёшликда олинган тарбияга боғлиқ, – деди подполковник Муҳиддин Ҳошимов. – Буни ўзим мисолимда ҳам бемалол айта оламан. Болалигимда ота-онам йўналишни тўғри кўрсатиб, эртанги кунга ишонтирган. Шунданми, ютқазишни истамайман. Ғалаба қозониш учун тинмай ҳаракат қиламан. Чунки олма пиш, оғзимга туш, деб кутиш билан муваффақият қозониб бўлмайди.
Биз ўрик дарахти остида ёнма-ён ўтирардик. Турган жойимиздан эса махсус тўсиқлар йўлагидан ўтаётган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар бемалол кўриниб турарди. Йигитлар тўлиқ жанговар кўринишда. Навбатма-навбат вазифаларни бажаряпти.
Дафъатан Муҳриддин сакраб турди-да, нарироқдаги ариқдан оқиб турган сувга бориб, қўлини тез ювди. Сўнг оғир қадам ташлаб, боя ўтирган жойига оҳиста чўкди. Қўлларини кенг қўйиб керишди.
– Айниқса, ҳозирги даврда бу ўта муҳим масала, – дедим мен унинг фарзанд тарбияси борасидаги сўзларига жавобан. – Чунки бугун одамни чалғитувчи омиллар жуда кўп. Ҳар қадамда тузоқ бор. Сергак бўлиш керак.
Ҳошимов индамади. У чап оёғини узатиб, ўнгини икки қўли билан маҳкам қучоқлаб олди. Иякларини кўтариб, тўғрига тикилиб ўтирибди. Фақат кўзларини бироз қисиб олган. Қимир этмайди. Муҳриддин термилган томонга қарайман. Узоқдан танк чанг-тўзон кўтариб, довон томон шахт билан боряпти. Кўп юрмай тўхтади. Сўнг снаряд отилди. Шунда кўкимтир тутун чиқди.
– Етмиш иккидан отишди, – деди у паст овозда. Ҳамон боягидай ўтирибди. – Экипаж бироз шошди-да, эсизгина. Бундай вақтда хотиржам бўлиш керак. Шошиш яхши эмас.
У гўё ўзига-ўзи гапираётганди. Юзида норозилик аломати қоплаганди.
– Шу ердан туриб қайси танкдан снаряд отилганини билдингиз-е, қойил, – дедим ҳайратланиб. Чунки биз турган жойдан танкни бор салобатини сира ҳам кўриб бўлмасди.
У менга оғир қаради-да:
– Билмаслик уят ахир, – деди у. Кейин яна гапида давом этди. – Тепкини боссангу нишон яксон этилмай қолса, унда ўзинг зарбани қабул қилишга маҳкумсан, яъни нишонга айланасан. Шунинг учун ҳам танкчилар ҳар бир снарядни отар экан, бошқа бундай имконият бўлмайди, деб қараши керак. Бу бизнинг олтин қоидамиз.
– Ваҳимаси оламни бузади-да, шу танкларни, – дедим снаряд овозидан бир сесканиб тушганимни эслаб. Кейин чап томонимдан чўп олиб, этигимга илинган баргларни уриб туширганча Ҳошимовга кўз қиримни ташладим. Негадир унинг юзи жиддий тортганди. Қўллари мушт бўлиб тугилган. Чап оёғининг учини асабий қимирлатяпти. Бошини бироз эгиб, қалин қошларини чимириб, қовоғини ўйиб олган. Пешонасида пайдо бўлган чизиқларни бемалол кўриш мумкин эди. Ранги ҳам қизарган. Унинг шу туришини ўлжасини тилка-пора қилишга шай бўлиб турган оч бўрига ўхшатиш мумкин эди. Аламзада. Бутун вужудини қаҳр-ғазаб эгаллаган.
– Ошиқ дардини, ошиқ бўлмаган ҳеч қачон тушунмаган ва тушунмайди ҳам, – деди у жанговар овозда. Ҳамон тўғрига қараб ўтирибди. Кейин лабларини тишлади. Ўнг қўли билан чеккасини оғриниб қашиди-да, гапиришда давом этди. – Сизни қалбингизга қўрқув солган ўша танклар мени борлиғим, ҳаётим. – У ҳамон рақибига зарба беришга тайёр жангчига ўхшарди. – Армияга келганимдан то шу кунга қадар порох ҳиди билан улғайдим.
Ҳошимовнинг сўзлари дона-дона чиқарди. Биз бир онда минг йиллик душманга айлангандик.
– Ҳарбийлик тақдирим, танкчи бўлиш эса ана шу тақдирни ҳукми. Чавандоз улоққа киргунча ўз тулпорига ишонгандек танк бошқарувига ўтирсам, ўзимни шундай ҳис қиламан. Қалбларни қўрқитиш ва унга ваҳима солиш, аслида менинг ишим. Бу олий вазифам ҳам. Шу йўл билан Ватаним тинчлигига қалқон бўламан. Ёвнинг бағрини тилкалайман.
Иккимиз ҳам жиммиз. Ўртага оғир сукунат тушган. Энди кетгим келяпти. Рўпарамиздан уч нафар ҳарбий хизматчи ўтиб кетди. Уларнинг биттаси таниш – “Ўз касбининг устаси” кўрик-танловида Ҳошимов билан бирга иштирок этганинида кўрганман. Ўрта бўйли, ияги бўртиб чиққан. Қорасоч. Йигит биз томонга қараб қўл силкиб қўйди. Иккимиз ҳам бараварига бошимизни қимирлатиб, сўрашдик.
Қуёш ғарбга оқди. Шимол шамоли ёнбошимиздаги ўрик ва тут дарахтлари учини оҳиста ўйнади. Шоҳлар майин силкинди. Шунда қовжираган барглар оғриниб ерни юзига аввалроқ тушган баргларга қоришиб кетади.
– Яшашдан мақсад нима ўзи?, – деди Муҳриддин. Кутилмаганда унинг берган саволидан шошиб қолдим. Ўйлайман. Аммо миямга жўяли фикр келмайди. Шуурим тамоман музлади. Бошимга дафъатан оғриқ кирди. Ҳақиқатан ҳам, яшашдан мақсад нима? Наҳотки, ҳозиргача мана шу савол мени ўйлантирмаган бўлса? Лабимни тишлаб, аламимни ичимга ютдим.
– Аслида, бу дунёда ҳар кимнинг бажариши керак бўлган ўз миссияси бўлади, – дедим. Бироқ овозим жуда паст чиқди. Томоғимни қириб, йўталдим.
– Лекин буни ҳамма ҳам вақтида англамайди. Қандай келган бўлса, шундай ўтиб кетади. Ватан, демайди. Юксалиш демайди. Нега? Чунки оилада ана шундай тарбия берилмаган. Мен чел элда ўтказилган кўплаб мусобақаларда иштирок этдим. Аммо ҳар сафар шу тупроғим ҳидини қумсадим. Бу ифор ҳеч қаерда йўқ. Асло тополмайсиз.
У оила, тараққиёт, меҳр-оқибат, севги каби мавзулардан сўнг жаҳонда юз бераётган қуролли тўқнашувлар ҳақида гапира бошлади.
– Дунёдаги урушлар қачон битади?, – деди Муҳриддин. Кейин ўзининг саволига ўзи жавоб берди. – Қачонки, одамзод қалбидаги муҳаббат қайта жонланса. Атрофга яхшилик уруғи сепилса...
– Шундай, – дедим мен. Ҳамон ўзимни яраланган қушдек ҳис қилардим.
Муҳриддин энди бироз тин тортганди. Ўзини тутиши ҳам аввалгидай, хотиржам.
Иккимиз бараварига ўрнимиздан турдик. Чамаси ўн дақиқа ёнма-ён, жим юриб кетдик. Кейин Ҳошимовга кимдир сим қоқди. У қўл телефонини шошмай кўтарди. Сўнг узоқ гаплашди. Ҳар замонда қўлларини силкиб-силкиб қўярди. Ундан кўзимни узмай ўтирдим.
– Яхши, бораман, – деди у суҳбатга чек қўйиб. Сўнг олдимга шахт билан келди.
– Энди бизга рухсат, – деди подполковник. Кейин – Армияда эканмиз, ҳали сиз билан кўп учрашамиз. Гурунглашамиз.
– Албатта, гурунглашамиз, – дедим унинг сўзларини тасдиқлаб.
Кейин у полигон томонга кетди. Қисқа-қисқа, аммо тез қадам ташлади. Мен ортимга ўгирилиб, ётоқ томонга юрдим. Яна танк стволидан снаряд узилди. Бироқ бу сафар сира ҳам сесканмадим. Қўрқмадим. Овоз келган томонга ҳам ўгирилиб, қарамадим. Билардимки, Ҳошимовнинг шахсий таркиби машғулотларни олиб бораётган эди. Кўнглим ана шунинг учун ҳам тинч эди.
Капитан Шоҳрух САИДОВ,
“Ватанпарвар” мухбири.
ЎзА