Поп туманида ўрганишлар олиб борилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Поп туманида бўлиб, қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган баҳорги юмушлар, экин майдонлари ва томорқалардан фойдаланиш, “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати доирасида ташкил этилган “Яшил белбоғ” ҳолати билан яқиндан танишди.
Ўрганишлар Ором маҳалласи ҳудудидаги иссиқхоналардан бошланди.
Лимончиликка ихтисослашган иссиқхона комплексининг умумий ер майдони 81 гектар бўлиб, 50 нафар тадбиркорга 1 гектардан ҳамда 29 нафар тадбиркорга 0,20 гектардан ажратиб берилган.
Вилоят раҳбари ушбу иссиқхоналардан фойдаланиш жараёнини ўрганди. Фойдаланилмаётган ерларга тез фурсатда лимон кўчатлари, қатор ораларига экин экиш, сув муаммосини бартараф этиш юзасидан масъулларга кўрсатмалар берди.
Тумандаги “Ором 200 оила мажмуаси”да эса қурувчи “Dunyo mega max” ва “Поп агро томорқа” МЧЖлар томонидан 2 сотихдан 100 дона енгил конструкцияли иссиқхона қуриб битказилиб, 200 фуқарога 1 сотихдан фойдаланиш учун топширилган.
Бир сотих енгил конструкцияли иссиқхона қиймати 5 миллион 730 минг сўмни ташкил этиб, ҳар бир фуқаро учун бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2 миллион 230 минг сўм ажратилган. Қолган қисми тижорат банклари томонидан 3 йил муддатга 6 ойлик имтиёзли давр билан кредит ҳисобига қуриб битказилган.
Вилоят ҳокими мазкур иссиқхоналарда олиб борилаётган ишлар билан танишди. Сув таъминотини яхшилаш ва деҳқонларга бошқа масалаларда ҳам кўмаклашиш юзасидан мутасаддиларга топшириқ ҳамда кўрсатмалар берди.
Вилояти ҳокими бошчилигидаги ишчи гуруҳ туманда “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати доирасида ташкил этилган “Яшил белбоғ” ҳолати билан ҳам яқиндан танишди.
Таъкидланганидек, 4Р-112 автомобиль йўлининг Поп туманидан ўтувчи 39 км узунликдаги чет қисмида вилоятда фаолият юритаётган корхона, ташкилотларга ажратилган ерларда “Яшил белбоғ” барпо этилиб, 640 мингдан ортиқ кўчат экилган. Кўчатлар асосан ўзлаштирилмаган ҳудудларга ўтқазилиб, 2 тоннадан 10 тоннагача бўлган сув идишлар ўрнатилди ва томчилатиб суғориш тизими йўлга қўйилди.
Вилоят раҳбари бу борадаги ишларни кўздан кечириб, масалага масъулиятсизлик билан ёндашаётган раҳбарларга тегишли топшириқлар берди.
Ишчи гуруҳ туман марказидан анча олис, тоғолди ҳудудида аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги амалга оширилаётган ишларни ҳам ўрганди.
Яқинда Қўшминор маҳалласида “OKMK Chodak Tekstil” МЧЖ ва “Olmaliq kon-metallurgiya kombinati” АЖ ҳамкорлигидаги тикувчилик фабрикаси фаолият бошлади.
Тикув цехининг ташкил этилиши тумандаги “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган 520 нафар ишсиз хотин-қизнинг бандлигини таъминлаш имкониятини яратди. Шу билан бирга, масканда йилига 1,2 миллион дона тайёр тикув маҳсулоти ишлаб чиқарилиб, экспорт амалга оширилади. Эътиборлиси, ушбу лойиҳа доирасида моҳир пайвандчилар тайёрлаш учун ҳам ўқиш курслари ташкил этилади. Бунда курсларни муваффақиятли тамомлаган пайвандчиларга халқаро тоифадаги махсус сертификатлар топширилади.
[gallery-17289]
Вилояти ҳокими мазкур мажмуа фаолияти билан яқиндан танишди. Ишчилар билан суҳбат қурди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА