Польша Европа Иттифоқидан 2,2 миллиард евро сўради
Польша ЕИдан украиналик қочқинларнинг яшаш ва сақлаш харажатларини қоплаш учун 2,2 миллиард евро сўради.
Бу ҳақда Польша ички ишлар вазири ўринбосари Блажей Побожи “TVP Info” телеканалига маълум қилди.
— Европа Иттифоқи қочқинларни молиялаштиришда Польшага ёрдам беришни кечиктирмаслиги керак, — деди Блажей Побожи.
Департамент вакили Польшадаги украиналикларга мамлакат соғлиқни сақлаш, таълим тизимларидан фойдаланишда ёрдам бериш ҳамда меҳнат бозорига киришни осонлаштириш учун миллий “PESEL” идентификация рақамлари берилганини таъкидлади.
— “PESEL” хизматлари ярим миллионга яқин қочқинларга тақдим этилган, уларнинг 96 фоизи аёл ва болалардир, — деди Побожи.
Ҳозирда Польшада 2,4 миллион украиналик қочқин бор.
Улуғбек Маҳмирзаев