Польша Беларусь билан чегарани бутунлай ёпди
Польша пайшанбадан жумага ўтар кечаси, ярим тунда Беларусь билан чегарасини бутунлай ёпди. Ҳозир фаолият юритаётган бир автомобиль ва икки темир йўл назорат манзил фаолияти тўхтатилди.
Бош вазир Дональд Туск ушбу қарорни “хавфсизлик манфаати” билан изоҳлади ва “Ғарб-2025” Россия - Беларусь ҳарбий машғулоти жума куни фаол босқичига киришини эслатди. Шунингдек, чегарани ёпиш қарори Беларусда жосуслиги гумон қилинган Польша фуқароси ҳибсга олиниши билан ҳам боғлиқлигини қўшиб қўйди.
Қарор қанча муддат амал қилиши ҳозирча номаълум. Мамлакат ички ишлар ва маъмурият вазири Марчин Кервинский чегарани очиш санаси аниқ эмаслиги, бу рус-беларусь аскарлари машқи тугаши билан боғланмаслигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Польша Россия - Беларусь машқидан эмас, балки “кенг маънодаги бузғунчилик”дан қўрқиб чегарани ёпган.
Шу билан бирга Кервинский “чегара бир кун ҳам беҳуда ёпиқ турмаслиги"га ваъда берди.
Воқеа ортидан Польшанинг муваққат ишлари вакили Кшиштоф Озанна Беларусь Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган ва унга оғзаки норозилик билдирилган.
С.Раҳимов, ЎзА