Politico: ЕИ кенг кўламли ҳужумга яширинча тайёргарлик кўрмоқда
Европа Иттифоқининг 27 мамлакатидан келган элчилар бир неча ҳафта давомида Брюсселда кўплаб қурбонлар билан боғлиқ кенг кўламли гибрид ҳужум режасини муҳокама қилиш учун ёпиқ учрашув ўтказмоқда, деб хабар тарқатди “Politico” нашри.
Мулоқот чекланган форматда, телефонлар ёки ёрдамчиларсиз ўтяпти. Ўзига хос яширин муҳокама Лейпциг аэропортида портловчи модда билан тўлдирилган дрон топилиб, Польшанинг “Starlink” алоқа станциясидаги ёнғин чиққач, Европа Иттифоқи ва Буюк Британиядаги юк самолётига ёқиб юборувчи қурилма ўрнатишга уриниш ошкор бўлгач, кучайган.
– Жиддий ҳолатга тайёр туришимиз керак, – деган Европа Иттифоқининг юқори лавозимли дипломати. – Кейинги воқеалар кўрсатдики, кўплаб қурбонларга олиб келиши эҳтимоли мавжуд ўта кескин ҳодисани истисно қилиб бўлмайди.
ЕИ доирасида инқирозга жавоб бериш гуруҳларини тузиш, таъсирга мойил мамлакатларга фавқулодда вазият учун маблағ ажратиш ва инқирозли алоқаларни мувофиқлаштириш масалалари муҳокама қилинмоқда. Баъзи давлатлар НАТО томонидан қарор қабул қилиш секинлашиши мумкинлигидан хавотирда.
Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен янги Европа хавфсизлик стратегиясига киритиш учун “хавф билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар бўйича протокол” ишлаб чиқиш таклифини илгари сурди. Айрим дипломатлар эса мавжуд жавоб механизмидан фойдаланишни маъқул кўрмоқда.
Украина – Россия можароси чўзилиб кетиши ғарб давлатлари хавотирини тобора кучайтирмоқда. Масалан, АҚШ Давлат котиби Марко Рубио яқинда берган баёнот ҳам айни фикрни тасдиқлайди. У уруш давом этиши НАТО мамлакатлари ҳам ҳужумга нишон бўлиши мумкинлигини тан олди.
– Ҳар икки томон бир-бирини синдириш ва вазиятни бузиш учун ҳаракатни кучайтирмоқда, – деди Рубио Лиссабонда португалиялик ҳамкасби билан бирга ўтказилган матбуот анжуманида. – Бу ҳолат айниқса Россия – Украина уруши шароитида хавфли, чунки бундай кескинлашув НАТОга аъзо қўшни мамлакатлардa қўпорувчилик кампаниясига олиб келиши мумкин.
С.Раҳимов, ЎзА