Полина ва Мария Европада ўйнайди
Теннис бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг икки нафар аъзоси — Полина Кудерметова ва Мария Тимофеева бу ҳафта Европадаги нуфузли халқаро турнирларда иштирок этади.
Австрияда ўтаётган “WTA 500” тоифасидаги мусобақанинг саралаш баҳсларида Мария Тимофеева илк босқичда нейтрал мақомдаги теннисчи Алина Чараевани 1:6, 6:3, 6:3 ҳисобида мағлуб этди. Энди у соврин жамғармаси 1 миллион 206 минг 446 АҚШ долларини ташкил этувчи ушбу турнирнинг асосий тўрига чиқиш учун ҳал қилувчи баҳсда германиялик Тамара Корпатшга қарши 6 апрель куни кортга чиқади.
Полина Кудерметова эса Испания пойтахти Мадрид шаҳрида бўлиб ўтаётган WTA125 тоифасидаги “Grand Prix Open” турнирида иштирок этади. Соврин жамғармаси 115 минг АҚШ долларини ташкил этувчи мазкур мусобақада теннисчимиз асосий тўрнинг илк босқичида мисрлик Маяр Шерифга қарши баҳс олиб боради.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА