Поликлиникада қулай шароит яратилди
Сирдарё туман тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиника "Ташаббусли бюджет"нинг 1 миллиард 200 миллион сўм маблағи ҳисобидан мукаммал таъмирланди. Ушбу юмушни "Kapital stroy" масъулияти чекланган жамият қурувчилари амалга оширди.


—Кўп тармоқли марказий поликлиникамиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 32 йиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилгани туман аҳолиси учун байрам туҳфаси бўлди, — дейди туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Санат Қодиров.--
Бино нафақат таъмирланди, унинг инфратузилмаси ривожлантирилди. Иситиш тармоқлари бугунги технологиялар асосида такомиллаштирилиб, тор доирадаги шифокор ва ҳамшираларнинг ишлаши, аҳолига намунали тиббий хизмат кўрсатиши учун зарур шарт-шароитлар яратилди. Шунга яраша янги жиҳоз, янги тиббий аппаратлар келтирилиб, малакали ва тажрибали тиббиёт ходимлари билан тўлдирилди.


Энг муҳими, туман аҳолисига хизмат кўрсатувчи бу кўп тармоқли марказий поликлиника Сирдарё шаҳрида истиқомат қилаётган 45 минг нафар аҳолига ҳам хизмат кўрсатадиган оилавий поликлиника вазифасини ўтайди. Аммо мукаммал таъмирланмасдан олдин шарт-шароит, тиббий диагностик аппаратлар билан боғлиқ муаммолар бор эди. "Ташаббусли бюджет" лойиҳаси туфайли тиббиёт ходимларини қийнаб турган муаммолар ортда қолиб,бу масканда ҳавас қиларли шароитлар яратилди. Бундан аҳоли хурсанд бўлмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири