Покистон ва Хитой стратегик шерикликнинг 75 йиллигини нишонлади
Покистон ва Хитой дипломатик муносабатларининг 75 йиллиги муносабати билан Исломободда ўтказилган тантанали маросимда икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик яна бир бор тасдиқланди. Покистон президенти Осиф Али Зардорий ва бош вазир Шаҳбоз Шариф ХХР билан алоқаларни мамлакат ташқи сиёсатининг асосий устунларидан бири деб атади.
Ахборот ҳамкоримиз - “APP” хабар беришича, президент Зардорий икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик савдо, инвестиция, инфратузилма, технология ва мудофаа соҳаларида кенгайиб бораётганини таъкидлаб, Покистон “Ягона Хитой сиёсати”га содиқ қолишини яна бир бор қайд этди.
Бош вазир Шаҳбоз Шариф эса Хитойни Покистоннинг “энг ишончли ва мустаҳкам дўсти” деб атади. Унинг сўзларига кўра, Пекин оғир кунларда ҳам Исломободни ёлғиз қолдирмаган. Айниқса, 2010 йилдаги кучли тошқинлар пайтида Хитой биринчи бўлиб ёрдам қўлини чўзган давлатлардан бири бўлгани эслатиб ўтилди.
Маросимда Хитой-Покистон иқтисодий йўлаги лойиҳаси икки давлат ҳамкорлигининг энг йирик рамзи сифатида тилга олинди. Томонлар янги босқичда сунъий интеллект, ахборот технологиялари, қишлоқ хўжалиги ва фойдали қазилмалар соҳаларига алоҳида эътибор қаратишини маълум қилди.
Мусулмон Зиё, ЎзА