Поезд кечикканда йўловчиларга компенсация тўланади
Рақобат қўмитаси ташаббуси билан маҳаллий йўналишларда ҳаракатланувчи поездлар кечиккан ҳолларда йўловчиларга пуллик компенсация тўлаш тартибини жорий этиш кўзда тутилмоқда.
Сўнгги вақтларда Қўмитага келиб тушаётган мурожаатлар ҳамда ижтимоий тармоқлардаги фикрларда поездларнинг жадвалдан кечикиши, жўнаб кетиши ёки манзилга кеч етиб бориши ҳолатлари бўйича норозиликлар кўпайган. Хусусан, 2025 йил давомида мазкур масала юзасидан 51 та мурожаат қайд этилган. Улар орасида Тошкент – Бухоро – Тошкент йўналишида ҳаракатланувчи “Шарқ” поездларининг мунтазам кечикиши ва чипталарда нотўғри вақт кўрсатилиши ҳақидаги шикоятлар ҳам бор.
Ўрганишлар натижасида амалдаги норматив ҳужжатларда ташувчининг айби билан поезд кечиккан ҳолларда йўловчиларга компенсация тўлаш тартиби белгиланмагани маълум бўлди. Шу боис, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Транспорт вазирлигига тегишли таклиф киритилди.
Айни пайтда темир йўл транспортида йўловчиларни ташиш қоидаларининг янги таҳрири ишлаб чиқилмоқда. Унга кўра, поезд кечиккан тақдирда йўловчиларга қуйидаги миқдорларда компенсация тўлаш белгиланиши режалаштирилган:
15 дақиқадан 30 дақиқагача кечикса — йўлкиранинг 15 фоизи;
31 дақиқадан 60 дақиқагача — 25 фоиз;
61 дақиқадан 120 дақиқагача — 50 фоиз;
121 дақиқадан ортиқ кечикса — 100 фоиз.
Бундай тартиб ҳозиргача фақат "Afrosiyob" поездларида амал қилиб келинаётган эди. Энди эса ушбу амалиётни барча маҳаллий (оддий ва тезюрар) поездларга ҳам татбиқ этиш режалаштирилмоқда.
Қўмита мазкур ташаббус орқали темир йўл транспортида хизмат сифати ва истеъмолчилар ҳуқуқларини янада кучайтиришни мақсад қилган.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА