“Plast servis and”нинг харидоргир маҳсулотлари
Мамлакатимиздаги йирик ишлаб чиқариш қувватларидан бири “GM Uzbekistan” қўшма корхонасига бутловчи қисмлар етказиб берувчи корхоналар сафи тобора кенгайиб бормоқда.
Андижон туманидаги “Plast servis and” хусусий корхонасининг фаолият бошлаганига кўп бўлгани йўқ, аммо ўтган қисқа вақт ичида салмоқли натижаларга эришди. Бу ерда “Lacetti”, “Nexia”, “Spark” ва бошқа русумдаги енгил автомобиллар учун қисқич, рул қопқоғи, эшик чўнтаги, тўсқич сингари элликдан ортиқ турдаги пластмасса қисмлар тайёрланаётир.
– Корхонамизда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми йилдан-йилга ошмоқда, – дейди “Plast servis and” ижрочи директори Алишер Нурфайзиев. – Дастлаб хўжалик буюмлари ишлаб чиқарган бўлсак, кейинги йилларда автомобилларнинг пластмасса қисм ва жиҳозларини тайёрлашни йўлга қўйдик. Ўтган давр мобайнида муайян тажриба тўплаб, маҳсулот тури, сифати ва ҳажмини ошириш чоралари кўрилди.
“Plast servis and” ўз маблағи ҳамда “Ҳамкорбанк”дан олинган кредит ҳисобига энг замонавий станок келтириб ўрнатилгани бир неча турдаги янги маҳсулот – жиҳозлар тайёрлаш имконини бермоқда. Йил охирига қадар яна иккита шундай станок харид қилинади. Натижада ишлаб чиқариш ҳажми ошади, кўплаб янги иш ўринлари яратилади.
Президентимиз раҳнамолигида ёшлар, хусусан, тадбиркор йигит-қизлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 6 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ёшларга янада кенг имкониятлар яратиб, янги марралар сари руҳлантирмоқда.
“Plast servis and”да ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар “GM Uzbekistan”, “Ўз Тонг Хон Ко”, “Ўз Карам Ко”, “Ўз Донг Янг Ко” каби қўшма корхоналарга етказиб берилмоқда. Жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида харидорларга 1 миллиард 600 миллион сўмлик пластмасса қисм ва жиҳозлар сотилди.
Корхонада илғор иш услубларини қўллаш, ички имкониятлардан самарали фойдаланиш, замонавий технологияларни ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш, ишчи-хизматчиларнинг изланишларини қўллаб-қувватлаш, уларни муносиб рағбатлантиришга алоҳида эътибор берилаётгани муваффақиятлар омили бўлмоқда.
Корхонада меҳнат қилаётганларнинг аксарияти касб-ҳунар коллежларини битирган ёшлардир.
– Коллежни тамомлаб, шундай замонавий корхонада иш бошлаганимдан хурсандман, – дейди Жаҳонгир Останақулов. – Касбимни тез ва пухта ўзлаштиришимда шу ерда амалиёт ўтаганим қўл келди.