Пиёдалар хавфсизлиги таъминланди
Бухоро туманидаги Галаосиё деҳқон бозорига туташ М-З7 “Самарқанд–Бухоро–Туркманбоши” автомобиль йўлининг 258,5 км қисмида пиёдалар ер ости ўтиш йўли қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Кейинги пайтда Бухоро тумани маркази, Галаосиё шаҳарчасидан ўтган асосий йўл, яъни М-37 русумли автомагистралида автомашина ва техникалар ҳаракатидан тирбандлик тез-тез кўзга ташланарди. Бу ҳол нафақат транспорт ҳайдовчилари, балки шу йўлни кесиб ўтмоқчи бўлган пиёдалар учун ҳам катта ташвишга айланаётганди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 октябрдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида бу ерда жорий йил июнь ойида пиёдалар ер ости ўтиш йўли қурилиши бошланган эди.
Умумий қиймати 9,1 миллиард сўмдан иборат иншоот ўз навбатида аҳолига ўзига хос байрам туҳфаси бўлди.
[gallery-15227]
Ерости ўтиш йўлининг узунлиги 40 метр, эни 4 метр ва баландлиги 2,5 метрдан иборат. Иншоотни лойиҳалаштириш ва рўёбга чиқаришда буюртмачи ташкилот “Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дирекцияси” давлат унитар корхонаси ҳамда бош пудратчи “Фаровон йўл сервис” МЧЖ жамоаси алоҳида жонбозлик кўрсатди.
–-Ҳар куни шу йўлдан ишга ўтиб-қайтамиз, болаларимиз мактаб, боғчасига қатнайди, –дейди маҳаллий йўловчилардан Мубина Сафоева ҳамда Руқия Амоновалар. –Аммо кейинги бир неча ойда йўлдан ўтиш ниҳоятда қийинлашди. Ҳушёр ва эҳтиёткор бўлмаган одам йўл-транспорт ҳодисасига учрамаслигига ҳеч қандай кафолат йўқ эди. Ниҳоят, бу ерда пиёдалар ерости йўли қуриб битказилгани кўнглимизга хотиржамлик бағишлади. Шаҳарга кираверишда “Карвон” буюм бозорида, ундан сўнг Работак аҳоли пунктида замонавий услубда худди шундай ерости ўтиш йўли барпо қилинганини кўриб, роса ҳавас қилгандик. Ана энди бизда ҳам шундай кўркам ер ости туннели қуриб ишга туширилгани айни муддао бўлди. Муҳими, катта йўлни кесиб ўтишда чўчимаймиз ва ортиқча қийналмаймиз.
Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Заропов қатнашди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари