Пискентлик миришкорлар эътирофга сазовор
Тошкент вилоятининг иқлими йилнинг тўрт фаслида ҳам аҳоли томорқасидан сабзавот маҳсулотлари етиштиришга қулай. Шу туфайли бу оилаларнинг даромад манбаига айланмоқда. Бу ўз навбатида нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам етиштирган маҳсулотларга харидорлар талаби ортишига замин яратади.
Пискент туманида томорқачилик бўйича намуна кўрсатаётган оилалар жуда кўп. Улар мавжуд ер майдонларидан самарали фойдаланмаётган, вақтида агротехник тадбирларни амалга оширмай, мавсумда турли сабзавот кўчатларини парвариш қилмаётганларга яхшигина ўрнак бўлмоқда.

Жорий йил октябрь ойида давлатимиз раҳбари вилоятга ташрифи давомида айнан қишлоқ хўжалиги соҳасига замонавий технологияларни жорий этиб, экологик тоза, арзон ва сифатли маҳсулотларни етиштириш ва ички бозорни барқарор таъминлаш борасида томорқа хўжаликларининг тажрибаси ҳақида сўз юритган эди.

– Телевизорда Президентимизнинг Пискентимиз ҳақида илиқ сўзлар билан гапираётганини кузатиб қалбим ғурурга тўлди, – дейди Бекобод маҳалласида истиқомат қилаётган Дилшодбек Мирсоатов. – Лавҳанинг бошидан кўра олмаганим учун ўша заҳотиёқ “Нега, айнан Пискент?” деган савол туғилди. Лекин ижтимоий тармоқларда ушбу лавҳани қайта-қайта томоша қилганимда, бу саволга аниқ жавоб топдим. Маълум бўлишича, Пискент туман ҳокими Музаффар Арипов Мингтепа маҳалласи мисолида тумандаги ҳосилдорлик даражасини Президентимизга мисоллар билан баён этган экан.
У томорқалардан беш марта ҳосил олаётган хонадонларни тилга олиб, Пискент меҳнаткашларининг изланишлари ҳақида сўз очган. Шунда Президентимиз туман аҳолисининг меҳнатсеварлигини юксак баҳолаб, уларнинг фидойилигига эътироф билдирган. Эҳ, аттанг, ҳокимимизга ўз томорқамдан олти марта ҳосил олаётганим ҳақида айтиб қўйсам бўлар экан, деб ўйлаб қолдим. Охирги йилларда биз, пискентликлар, ерлардан олти мартагача ҳосил олишга эришмоқдамиз. Кейин эса тушундимки, эҳтимол ҳокимимиз катта ишончни эҳтиёткорлик билан оқлаш учун маълумотни бироз юмшатиб айтгандир.

Ҳеч шубҳасиз ҳозир пискентликлар ўз меҳнати ва соҳадаги замонавий тажрибалар билан томорқадан фойдаланиш маданиятини янги босқичга кўтармоқда. Масалан, Файзобод маҳалласидаги Соҳиба Абдураҳмонова иссиқхонасида учинчи ҳосилни йиғиштиришга ҳозирлик кўрмоқда. Диловар Сафарова гулчиликни ривожлантирган бўлса, лимончиликда катта муваффақиятларга эришган оилалар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Шунингдек, Нодира Қамбарова иссиқхона ва асаларичилик билан шуғулланиб, нафақат ўз оиласини, балки атрофдагиларни ҳам ўз маҳсулотлари билан таъминламоқда.
Шунингдек, Янгиобод маҳалласида ҳам ана шундай иссиқхоналар ташкил этилиб, аҳоли замонавий деҳқончилик усуллари орқали яхши натижаларга эришмоқда. Ушбу ҳудудда барпо этилган иссиқхоналар нафақат маҳаллий аҳоли даромадини оширишга, балки янги иш ўринлари яратилишига ҳам хизмат қилади. Томорқадан оқилона фойдаланиш, лимончилик ва асаларичилик соҳалари нафақат иқтисодий барқарорликни, балки жамиятнинг меҳнатсеварлик, ташаббускорлик ва бирдамлик каби фазилатларни янада юксалтиришга хизмат қилади.

Маълумки, эндиликда Президентимизнинг тегишли қарори асосида ўзини-ўзи банд қилганлар 100 миллион сўмгача кафолатсиз кредит олиши мумкин бўлди. Бу имкониятдан самарали фойдаланган Бекобод маҳалласида яшовчи Камолиддин Содиқов ҳам кредит олиб, иссиқхона ташкил қилди. Бугунги кунда у помидор ва бодринг каби сабзавот экинлари етиштириб, ички ва ташқи бозорда сотиш учун етказиб бермоқда. Шунингдек, деҳқон иссиқхонасида узумнинг янги навини экиб, оммалаштиришни ният қилган.
Бу ҳудудда аҳоли кўпроқ асосан тўқсонбости экинлари, тез етиладиган сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштиришга ҳаракат қилади. Айниқса, турли кўкат парваришлаш ҳам жуда оммалашган. Ўсимликларни суғориш ишларида эса сув тежовчи технологиялардан фойдаланиши туфайли ҳосилдорлик янада оширмоқда.
Бир сўз билан айтганда, Пискент тумани аҳолиси амалга ошираётган миришкорлик ишларга таҳсинлар айтиш лозим.
А.Мусаев,ЎзА.