Пискентдаги хонадонларга кўмир етказиб берилмоқда
Шу кунларда бўлаётган аномал совуқ шароитида айрим ҳудудларда газ босимининг пасайиш ҳолатлари кузатилмоқда. Шуни алоҳида эътиборга олиб туман ҳокимликлари томонидан аҳолига кўмир етказиб берилмоқда. Хусусан, Оҳангарон туманидаги “Тошариқ” МФЙда газ босимининг пасайганлиги боис, мурожаат қилган 3 та хонадонга захирадаги кўмирдан етказиб берилди. Ушбу маҳаллага 8,5 тонна кўмир олиб келинган бўлиб, 6,5 тоннаси тарқатилган.

Шунингдек, газ ўчиб қолгани бўйича мурожаат қилган айрим хонадонларга туман прокурори ўринбосари Жамшид Пўлатов бошчилигидаги масъуллар бориб хабар олишди. Хонадон эгаларига газ босими пасайгани билан боғлиқ вазият тушунтирилиб, вақтинча кўмирга мўлжалланган печкалардан фойдаланиб туриши зарурлиги тушунтирилди.

Пискент туманидаги олис ҳудудлар аҳолисига қулайлик яратиш мақсадида туман ҳокими топшириғи асосида арзон нархда кўмир етказилмоқда. Ўтказилган хатловларда Пискентда 1 минг 849 та хонадоннинг кўмир ёқилғисига эҳтиёжи борлиги аниқланган бўлиб, ҳозиргача уларга 3 минг 698 тонна кўмир арзон нархда етказилди. Эҳтиёждан келиб чиқиб, "Дўнгқўрғон" маҳалла фуқаролар йиғинига ҳам 300 қоп кўмир олиб борилди.
Умуман олганда бу борадаги ишлар Тошкент вилоятининг барча ҳудудларида амалга ошириляпти.
А. Мусаев, ЎзА.