Пешкуда чемпионлар вояга етмоқда
Бугун Ўзбекистонда спорт нафақат соғлом турмуш тарзининг муҳим омили, балки мамлакат нуфузини халқаро майдонларда юксалтирувчи стратегик соҳалардан бирига айланмоқда. Президентимиз томонидан жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор ҳудудларда ҳам ўзининг амалий самарасини бермоқда. Айниқса, олис ҳудудларда спорт инфратузилмасини ривожлантириш, ёшларни спортга кенг жалб этиш ва иқтидорли спортчиларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар янги натижаларга замин яратмоқда.
Жорий йилнинг 7 апрель куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилиши мамлакатда оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш учун муҳим дастуриламал бўлди. Мазкур йиғилишдан кейин Бухоро вилоятининг энг олис ҳудудларидан бири саналган Пешку туманида ҳам спорт соҳасидаги ишлар мутлақо янги босқичга кўтарилди.
Пешку туманида бугунги кунга қадар аҳолининг 42 фоизи спорт билан мунтазам шуғулланиб келган бўлса, олиб борилган таҳлиллар натижасида бу кўрсаткични янада ошириш имкониятлари мавжудлиги маълум бўлди. Туманда эътибордан четда қолиб келган спорт турлари қайта кўриб чиқилди.

Туман ҳокими Ҳаёт Давлатовнинг таъкидлашича, мактаб ўқувчилари ўртасида шахмат ва шашка мусобақаларининг ташкил этилиши кутилмаган натижаларни берди.
–Илк босқичда ҳар бир мактабдан икки нафар ўғил бола ва икки нафар қиз иштирокини таъминлаш вазифаси қўйилди. Натижада 46 та мактаб ва 36 та маҳалла бўйича қарийб бир ярим минг нафар ёш шахмат ва шашка билан шуғулланаётгани маълум бўлди. Бу эса спортнинг қамровини кенгайтириш учун катта имконият мавжудлигини кўрсатди, –дейди туман раҳбари.

Шунингдек, маҳаллалар бўйича ўтказилган кураш мусобақалари орқали ҳудудлардаги иқтидорли полвонлар кашф этилди. Бу эса спорт захираларини шакллантиришда маҳалла институти нақадар муҳим ўрин тутишини яна бир бор исботлади.
Сўнгги йилларда Пешку тумани нафақат Бухоро вилояти, балки республика миқёсида ҳам дзюдо марказларидан бири сифатида тилга олина бошлади. Бунинг замирида йиллар давомида олиб борилган тизимли меҳнат ётибди.

Тажрибали мураббий Улуғбек Савриев ўн йиллик фаолияти давомида кўплаб Ўзбекистон ва Осиё чемпионларини тарбиялади.
–Президентимиз томонидан берилган кўрсатмалар биз учун янги имкониятлар эшигини очди. Ҳозир ёшлар ўртасида селекция ишларини кучайтирганмиз. Спорт залида 60 нафардан зиёд ёшлар машғулот олиб бормоқда. Ўтган йили икки нафар шогирдим Осиё чемпиони бўлди. Энди уларни жаҳон чемпионатига тайёрлаяпмиз. Қизларимиз орасида республика терма жамоаси аъзолари ҳам бор. Олдимиздаги асосий мақсад – Олимпия чемпионларини тарбиялаш, – дейди у.
Бу гапларда катта ишонч ва улкан мақсад мужассам. Зеро, бугун Пешкудаги дзюдо залларида машқ қилаётган ёшлар орасида эртанги Олимпия чемпионлари камол топаётган бўлиши мумкин.

Пешку спортининг яна бир муҳим жиҳати, қизлар спорти ривожига қаратилаётган эътибордир. Бу ерда қизлар нафақат республика, балки қитъа миқёсида ҳам муносиб натижалар қайд этмоқда.
13 карра Ўзбекистон чемпиони, 3 карра Осиё чемпиони ва халқаро турнирлар ғолибаси Азиза Давронова ўз олдига улкан мақсад қўйган.
–Менинг асосий орзум – 2028 йил Лос-Анжелес Олимпиадасида олтин медални қўлга киритиш. Ўзбекистон байроғини дунё саҳнасида баланд кўтариш учун ҳар куни тинимсиз меҳнат қиляпман. Бу мақсадимга албатта етишаман, –дейди ёш чемпион қатъият билан.
Президент Олимпиадасининг туман ва вилоят босқичлари ғолибаси Нозия Тўймуродова ҳам ўз олдига катта мақсад қўйган.

Пешкуда амалга оширилган ишлар рақамларда ҳам ўз аксини топмоқда. Қисқа вақт ичида оммавий спорт билан қамраб олинган аҳоли улуши 42 фоиздан 47 фоизга етказилди. Бу дегани қўшимча 6850 нафар аҳоли мунтазам жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга жалб қилинди.
Тумандаги 1-сон спорт мактаби бугун мазкур натижаларнинг муҳим таянч нуқталаридан бири ҳисобланади.
Мактаб директори Нарзулло Файзуллаевнинг маълум қилишича, муассасада 62 нафар тренер фаолият юритмоқда ва қарийб 3000 нафар ёш спортчи мунтазам машғулотларда иштирок этмоқда.
–Спортчиларимиз орасида Ўзбекистон, Осиё ва жаҳон чемпионлари бор. Бугунги кунда 11 нафар спортчимиз миллий терма жамоа аъзоси, яна беш нафари захира таркибига киритилган. Президент Олимпиадасида ҳам юқори натижаларга эришдик, – дейди у.
Мутахассислар таъкидлашича, оммавий спорт нафақат чемпионларни тарбиялайди, балки жамият саломатлигини мустаҳкамлайди. Спорт билан шуғулланувчи аҳоли сонининг ортиши турли касалликларнинг камайишига, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга ва уларни зарарли иллатлардан асрашга хизмат қилади.
Пешкуда бугун спорт маҳаллалар ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб бормоқда. Биргина 2025 йилнинг ўзида туманда тўртта замонавий спорт майдончаси барпо этилди. Жорий йилда эса бу кўрсаткични икки баробарга ошириш режалаштирилган.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари