Перу ва Испания майдонларига йўл Урганчдан бошланади
Урганч шаҳрида оғир атлетика бўйича кичик ўсмирлар ва ўсмирлар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон кубогида мамлакатимиз шарафини халқаро спорт майдонларида муносиб ҳимоя қиладиган истеъдодлар аниқланди. Айнан улар орасидан жаҳон оғир атлетикасининг Руслан Нуруддинов ва Акбар Жўраевдек енгилмас баҳодирлари етишиб чиқиши, шубҳасиз.
Кубок баҳсларида иштирок этган 28 та жамоа аъзолари орасида ўз иқтидорини намойиш этган бир қатор ёшлар Ўзбекистон терма жамоаси номзодлари сафига киритилди.

Қизиқарли ва муросасиз курашларга бой ўтган мамлакат кубогида 15 ёшгача бўлганлар ўртасида Наманган вилояти жамоаси 3 та олтин ва 1 та бронза медали билан умумжамоада 1-ўринни қўлга киритган бўлса, кучли учликдан Чирчиқ шаҳри ва Наманган жамоалари жой олди.
Қиз болалар ўртасида навоийлик спортчилар 2 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза, жами 7 та медаль билан 1-ўринни эгаллади. 2- ва 3-ўринлар Қарши шаҳри ҳамда Хоразм вилояти жамоаларига насиб этди.

Ушбу ёш тоифасида умумжамоада 3 та олтин, 2 та кумуш ва 4 та бронза, жами 9 та медални қўлга киритган Навоий вилояти жамоаси 1-ўринга сазовор бўлди. Кейинги ўринлар Қарши шаҳри ҳамда Наманган вилояти жамоаларига насиб этди.
17 ёшгача бўлган ўғил болалар баҳсида Хоразм жамоаси 2 та олтин ва 1 та кумуш медаль билан 1-ўринни, Республика Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази ҳамда Касаба уюшмалари жамоаси кейинги поғоналардан жой олди. Қиз болалар ўртаси Қарши шаҳри олимпиячилари 5 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза, жами 8 та медаль билан ғолибликни тантана қилди. 2- ва 3-ўрин Навоий ҳамда Наманган олимпиячиларига тегишли бўлди. Ушбу ёш тоифасида умумжамоада 5 та олтин, 4 та кумуш ва 1 та бронза, жами 10 та медалли бўлган қаршилик оғир атлетикачилар шоҳсупанинг энг юқориси поғонасига кўтарилди. Хоразм ва Тошкент олимпиячилари кейинги қаторларни банд этди.

Мазкур мусобақада сараланган спортчилар 2025 йили Тошкентда ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинларида, шунингдек, келаси йили Перуда ёшлар ҳамда Испанияда ўсмирлар ўртасида ўтадиган жаҳон чемпионатларида юртимиз шарафини ҳимоя қилади.
Т.Рўзиев, ЎзА