Пелоси Тайванни тарк этди
АҚШ билан Хитой муносабатлари кескинлашувига сабаб бўлган АҚШ Конгресси вакиллар палатисининг спикери Нэнси Пелоси ўтирган самолёт Тайбэй аэропортидан учиб кетди.
Махсус борт Тайваннинг Суншань аэропортидан маҳаллий вақт билан соат 18:01 да ҳавога кўтарилди ва Жанубий Корея томонга учмоқда.
Япония ОАВ тарқатган маълумотларга кўра, борт ҳавога кўтарилиши олдидан олтита F-15 қирувчи самолётлари ва учта ёқилғи қуйиш самолёти Окинавадаги Америка ҳарбий базасидан Тайванга учган.
Пелосининг Тайванга сафари 19 соату 20 дақиқани ташкил этган.
Washington Post газетасининг ёзишича, Тайванда ҳақиқий инқироз Пелоси учиб кетганидан кейин бошланиши мумкин. Чунки Хитой ташқи ишлар вазирлиги ушбу ташрифга жавобан кўриладиган кескин чоралар ҳали олдинда, деб баёнот берган.
Хитой эртадан бошлаб Тайван атрофидаги олтита ҳудудда парвозларни чеклайди, у ерда ҳарбий машқлар бошланади. Экспертларнинг фикрича, ҳарбий машқлар кўринишида Пекин оролни бутунлай қамал қилиши мумкин.
Хитой Тайванни ўзининг провинцияси, деб ҳисоблайди ва Хитой билан дипломатик муносабатлар ўрнатган ҳар қандай давлатнинг юқори лавозимли вакиллари Тайбэй билан алоқа ўрнатишига кескин қарши эканини таъкидлаб келади.
Оқ уй “ягона Хитой” позицияси тарафдори эканини тасдиқлаган ва Пелосини ўзи мустақил қарор қилган, деб ушбу ташрифга масъул эмаслигини маълум қилмоқда.