Пахтаободда ғалладан мўл ҳосил етиштирилди
Андижон вилояти Пахтаобод тумани деҳқонлари томонидан 6 минг 870 гектар майдонда буғдой етиштирилди.
Шартнома режасига асосан, 20 минг 442 тонна ғалла топширилиши белгиланган.
Шу кунларда туманда ғалла ўрими қизғин паллага кирган. Ўрим-йиғим мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш, умуман, мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш бўйича фермер хўжаликлари, мутасадди корхона ва ташкилотлар раҳбарлари томонидан зарур барча ишлар олиб борилмоқда. Ўримга 28 та комбайн, юзлаб бошқа техника воситалари жалб этилган, ишлар отряд усулида олиб борилмоқда.
Ишларнинг самарали ташкил этилганлиги натижасида йиллик шартнома режасини бажараётган хўжаликлар сони кундан кунга ортиб бормоқда. Туманнинг Озод массивидаги “Карим сайёд” фермер хўжалиги деҳқонлари жорий йилда 40 гектар майдонга буғдой экиб, парваришлади.
[gallery-7548]
– Нафақат хўжалигимиз, балки аксарият фермер хўжаликлари томонидан бу йил об-ҳавонинг қулай келганлиги, қолаверса, зарур агротехник тадбирлар ўз вақтида, сифатли ўтказилганлиги боис, буғдойдан мўл ҳосил етиштирилди, – дейди “Карим сайёд” фермер хўжалиги раҳбари Акмалжон Қўлдошев. – Хўжалигимиз шартнома бўйича 148 тонна топшириши белгиланган.
Гектаридан 70-75 центнердан ҳосил олишни кўзлаб турибмиз, насиб этса, режани ортиғи билан бажарамиз. Дон – халқимизнинг ризқ-рўзи. Маълумки, Президентимиз ташаббуси билан жорий йилдан хўжаликлар томонидан сотиладиган ғаллага бозор нархида пул тўлаш тартиби жорий этилди. Бу энг аввало, фермер хўжалиги, қолаверса, хўжалик аъзоларининг манфаатдорлигини, оладиган даромадини ошириш имконини беради.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА