Пахта терими уюшқоқлик билан ўтмоқда (+видео)
Юртимизнинг барча жойларида бўлгани каби айни кунларда Андижон вилоятида ҳам пахта йиғим-терими қизғин паллага кирган. Вилоят пахтакорлари белгиланган йиллик марра сари кундан-кунга яқинлашиб бормоқда. Пахта хирмонининг юксалишига барча туманлар муносиб ҳисса қўшмоқда.
Қўрғонтепа вилоятнинг энг катта туманларидан бири ҳисобланиб, деҳқончилик, айниқса, пахтачиликда ўзига хос тажриба мактаби шаклланган. Шу боис ҳам, ҳар йили пахтадан мўл ҳосил етиштирилади.
Туманда жорий йилда “KHANTEX GROUP” пахта тўқимачилик кластери, шунингдек, 169 та фермер хўжалиги томонидан 7 минг 414 гектар майдонга пахтанинг “Андижон 36” навли уруғи экилиб, мўл ҳосил етиштирилди. Туман пахтакорлари бу йил 29 минг 226 тонна пахта йиғиб-териб олишни режалаштирган.
– Етиштирилган ҳосилни қисқа муддатларда йиғиб-териб олиш, белгиланган ишларни уюшқоқлик билан ташкил этиш мақсадида 74 та терим отряди шакллантирилган, – дейди Қўрғонтепа тумани ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Наргизахон Холматова. – Кластер корхона ишчилари, фермер хўжалиги аъзолари, уй бекалари, уюшмаган аҳоли вакиллари ҳамда кўнгиллилардан ташкил этилган отрядларнинг ҳар бирига масъуллар, зарур техника воситалари бириктирилган. Шу кунларда ҳосилни йиғиб-териб олиш ишлари қизғин олиб борилмоқда.
Бу йил “KHANTEX GROUP” пахта тўқимачилик кластери томонидан 4 минг 176 гектар майдонда пахта етиштирилди. Етиштирилган пахта ҳосили “Даладан тайёр маҳсулот”га тамойили асосида йиғиб олиниб, корхонанинг ўзида қайта ишланади ва тайёр маҳсулотга айлантирилади.
[gallery-19636]
“Иқтисодчи” маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар фаоли Ўлмасхон Маҳмудова раҳбарлик қилаётган 61-терим отряди аъзолари шу кунларда “Дўстлик” массивидаги кластер корхонага қарашли 5-ҳудуд далаларида етиштирилган ҳосилни териб, йиғиб олмоқда.
Кластер корхона ишчилари, Иқтисодчи маҳалласидаги кўнгиллилардан ташкил топган 200 нафарга яқин терим отряди аъзолари томонидан кунига 18-20 тонна “оқ олтин” териб олинмоқда.
Шоҳиста Султонова, Манзурахон Қушматова, Нилуфар Илёсова, Малоҳат Омонтоева, Одина Мўйдинова, Муҳаррам Қосимова сингари отряднинг илғор теримчилари кунига 150-200 килограммдан пахта териб, барчага ибрат бўлмоқда.
Терилган пахта учун ҳар икки кунда теримчиларга даланинг ўзида нақд пул берилмоқда.
– Далаларда пахта мўл, ҳар куни 180-200 килограмм пахта теряпман, – дейди илғор теримчилардан бири Манзурахон Қушматова. – Теримнинг биринчи ҳафтасида 2 миллион сўмдан зиёд пул олдим. Фаол қатнашиб, юртимиз пахта хирмони юксалишига ҳисса қўшиш билан бирга, яхшигина даромадга ҳам эга бўляпман.
Теримда қатнашаётган ҳашарчилар учун зарур шароитлар яратилган. Уларнинг далага бориб келишлари учун транспорт ташкил этилган, тушликка эса хўжаликнинг дала-шийпонида иссиқ овқат тайёрлаб берилмоқда.
– Терим бошлангандан буён теримчилар билан биргаман, – дейди туман ҳокими ўринбосари Наргизахон Ҳолматова. – Эрталабдан асосий ишларимни тугатиб, далага, теримчилар олдига шошаман. Улар билан суҳбатлашиб, кўнгилларини кўтаришга ҳаракат қиламан.
“Дўстлик” массивида теримда қатнашаётган 61-терим отряди аъзолари ҳолидан хабар олиб, дилдан суҳбатлашдим. Уларнинг кайфиятлари аъло, шижоатлари баланд. Ишонч билан айта оламанки, опа-сингилларимиз теримда фаол иштирок этиб, нафақат туманимиз, балки вилоятимиз, республикамиз пахта режасини бажаришига ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшади.
Туман ҳокимининг ташаббуси билан теримчилар рағбатлантирилиб, уларга турли совға-саломлар бериб борилаётганлиги терим суратини оширишга ёрдам бермоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/fsidNqlH5wQ" title="Paxta terimi uyushqoqlik bilan oʻtmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>“Дўстлик” массивидаги “Икром Абдуқодиров” фермер хўжалиги деҳқонлари жорий йилда 24,4 гектар майдонда пахта етиштиришди. Улар 81,8 тонна пахта ҳосил йиғиб олишни режалаштирган.
Фермер хўжалиги, терим отряди аъзолари томонидан етиштирилган ҳосил уюшқоқлик билан йиғиб-териб олинмоқда.
– Деҳқонларимиз етиштирган, далада қийғос очилган пахталарни кўрган ҳар қандай кишининг дили яйрайди, – дейди Дилфузахон Нурматова. – Нафақага чиққанимга бир неча йил бўлган. Уйда бекор ўтирмасдан, қўшниларим билан далага чиқиб пахта теряпман. Ҳам саломатлигим учун яхши, ҳам қўшимча даромад топяпман. Кунига 100-130 килодан пахта теряпман.
Бизга барча шароитлар яратиб берилган, иссиқ овқатлар ташкил этилмоқда. Энг асосийси, юртимиз пахта хирмонини юксалишига ҳисса қўшаётганимдан хурсандман.
Пахтазорда бўлиш, пахта теришнинг барибир ўзгача гашти бор. Кимдир қўшиқ хиргойи қилади, ҳазил гаплардан кулги кўтарилади. Далада ким билан суҳбатлашмайлик кайфияти чоғ, теримда кўнгил амри билан иштирок этаётганлигини ҳис этдик.
Мўл ҳосил олиб, теримни уюшқоқлик билан ўтказган “Дўстлик” массивидаги “Ўринбоев Собир саховати”, Намуна массивидаги “Йўлбарс ота келажаги”, “ “Истиқбол” массивидаги “Оязимхон келажаги” сингари қатор фермер хўжаликлари бугунги кунга қадар йиллик пахта топшириш режасини ортиғи билан адо этди.
Қўрғонтепалик пахтакорлар етиштирилган мўл пахта ҳосилини нест-нобуд қилмасдан охирги мисқолигача йиғиштириб олиш мақсадида теримни уюшқоқлик билан давом эттирмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари