Пашинян: Арманистоннинг Россия билан муносабати энди аввалгидек эмас
Арманистоннинг Россия билан муносабати, сиёсий шароитдан қатъи назар, энди аввалгидек бўла олмайди, дея таъкидлади Бош вазир Никол Пашинян Франциянинг RFI радиосига берган интервьюсида.
– РФ билан муносабатни узиш ёки ёмонлаштириш бизнинг мақсадимиз эмас – аввал ҳам, ҳозир ҳам бундан кейин ҳам, – деган у. – Аксинча, биз бу алоқалар ривожланишини истаймиз. Афсуски, бир нарсани тан олиш керак: вазиятдан ва ким ҳокимият тепасида бўлишидан қатъи назар, Россия билан муносабат энди аввалгидек бўла олмайди.
Пашинян ҳозирги сиёсат Россияга қарамликдан халос бўлиш эмас, балки ташқи алоқаларни диверсификация қилишга интилиш эканини таъкидлади.
– Биз ҳеч кимга тобе бўлишни хоҳламаймиз, – дея қўшимча қилди Арманистон Бош вазири. – Бошқача айтганда, “А”га қарамликни тўхтатиб, “Б” назоратига ўтишга интилмаймиз. Бу маъқул сиёсат эмас. Ниятимиз – мустақилликни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш.
Унинг сўзларига кўра, Ереван фуқаролар ҳамда бизнесга экспорт ва импортни учун муқобил имконият тақдим этиб, мувозанатли ташқи сиёсатни давом эттиришни хоҳлайди.
С.Раҳимов, ЎзА