Парваришдан — имконият сари
«Ғамхўрлик» марказларида васийликка олинган шахсларга парвариш кўрсатиш билан бир қаторда, уларнинг жамиятга мослашуви ва мустақил ҳаётга тайёргарлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда марказларда меҳнат терапияси йўлга қўйилиб, ҳар бир шахснинг имконияти ва қизиқиши инобатга олинган ҳолда турли фаолият турларига жалб этилмоқда.
Бунинг учун марказларда уй шароитига яқин муҳит яратилиб, меҳнат қилиш, ўз қобилиятини намоён этиш ва кундалик кўникмаларни шакллантириш учун зарур шароитлар таъминланган. Бундай ёндашув уларнинг ўз имкониятларига ишончини ошириш, фаол ҳаётга қайтиш ва имкони борича оила бағрига қайтарилишига хизмат қилмоқда.
Сурхондарё вилояти Денов туманидаги «Ғамхўрлик» марказида 70 нафар шахс 11 йўналишдаги меҳнат терапиясига жалб этилган. Кўчатчилик, гулчилик, тикувчилик, чорвачилик, асаларичилик, балиқчилик каби йўналишларда меҳнат қилаётганлар ўз ишининг натижасини кўрмоқда.
[gallery-31749]
Ўтган даврда ушбу фаолият турлари орқали 67 миллион сўмдан ортиқ маблағ туширилди. Бажарилган меҳнат учун ҳақ тўланиб, маблағлар шахсий банк карталарига ўтказилмоқда.
Бироқ бу ерда асосий натижа даромад билан эмас, инсоннинг ўз имкониятларига ишончи ортиб, мустақил ҳаёт сари қадам ташлаётгани билан белгиланади.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА