Партияларнинг халқ билан мулоқоти муаммолар ечимида ўз овозига эга бўлмоқда
Сиёсий партияларнинг жамиятдаги ўрни ҳақида сўз борганда, одатда сайловлар, депутатлик ўринлари, партия дастурлари ва сиёсий тадбирлар тилга олинади. Аммо, бугунги кунда сиёсий партия фаолиятининг ҳақиқий самараси, аввало, одамлар ҳаётида қандай ўзгариш юзага келаётгани, сайловчилар олдидаги масъулияти, жамоатчилик учун муҳим масалалар юзасидан позицияси, энг муҳими, қандай амалий натижаларга олиб келаётгани билан белгиланмоқда.
Бугун Ўзбекистондаги кўппартиявийлик тизими тараққиётини баҳолашда ана шу саволлар тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Чунки демократик жараёнларнинг мазмуни нафақат турли сиёсий партияларнинг мавжудлиги, балки уларнинг жамиятдаги ўрни, сиёсий рақобат мазмуни, сайловчилар билан муносабати, давлат қарорларига таъсир кўрсатиш имкониятлари ва жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлиги жиҳатидан ҳам муҳим. Тошкент вилоятида кечаётган жараёнлар бу жиҳатдан алоҳида эътиборга лойиқ.
Сўнгги даврда сиёсий партияларнинг аҳоли билан бевосита мулоқотга кўпроқ эътибор қаратаётгани кузатилмоқда. Сайёр қабуллар, ҳудудларда халқ орасида бўлиш, депутатлар иштирокида очиқ мулоқотлар, ижтимоий объектларни ўрганиш, аҳоли мурожаатларини жойида кўриб чиқиш шаклидаги чора-тадбирлар партия ташкилотлари фаолиятининг муҳим йўналишларига айланмоқда.
Тошкент вилоятидаги партия ташкилотларининг очиқ ахборот майдонида йўллар, ичимлик суви, тиббий хизмат, таълим, бандлик, ижтимоий ҳимоя, тадбиркорлик ва экологик масалалар каби турли муаммолар кўтарилаётганини кўриш мумкин. Муҳими, партиялар ушбу масалаларни ўзининг сиёсий кун тартибига олиб чиқмоқда, сабабларини таҳлил қилиб, ечимини таъминлаш учун сиёсий механизмлардан фойдаланмоқда.

Шу ўринда O'zLiDeP партиясининг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури халқ мурожаатларини ўрганиш, уларга аниқ ечим топиш ва фуқаролар манфаатларини таъминлашга қаратилган амалий ёндашувни ифода этади. Дастур доирасида биргина Тошкент вилоятининг туман ва шаҳарларида юзга яқин сайёр қабуллар ўтказилган, беш мингдан зиёд мурожаат онлайн платформага киритилиб, 1 минг 233 нафар фуқарога амалий ёрдамлар кўрсатилган. “Юракка йўл” акциясида 120 мингдан зиёд хонадонлар қамраб олиниб, 51 нафар фуқаронинг яшаш хонадони таъмирланган.
Партияларнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий каналларида учрашувлар, сайёр қабуллар, депутатлар фаолияти, жамоатчилик назорати ва турли ташаббуслар ҳақида мунтазам ахборот бериб борилмоқда. Бу жиҳат очиқликни таъминлаш билан бирга, сайловчилар олдидаги ҳисобдорлик, дастурий мақсадлар ижросининг кўзгуси бўлиб хизмат қилмоқда.
Масалан, Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент вилояти Кенгаши ўз фаолиятида экологик муаммоларни аниқлаш, аҳоли мурожаатларини ҳал этиш ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Яшил ҳудудларни асраш, дарахт кўчатларини парваришлаш, сув таъминоти ва санитария ҳолатини яхшилаш бўйича амалий ишлар партия ва депутатларнинг аҳоли билан бевосита мулоқотини намоён этади.
Халқ демократик партияси вилоят кенгаши фаолиятида эса одамларнинг ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилиш, долзарб муаммолар юзасидан амалий ечимга эришиш устуворлик касб этмоқда. Депутатлик сўровлари, сайловчилар билан бевосита мулоқотлар орқали тиббий хизмат сифати, дори-дармон таъминоти, таълим ва ижтимоий ҳимоя масалалари қамраб олинмоқда.
“Миллий тикланиш” ДП вилоят кенгашида миллий ўзлик, маданий мерос ва қадриятларга, “Адолат” СДП вилоят кенгашида қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатга кўпроқ урғу берган фаолият кузатилмоқда. Айниқса, айрим мурожаатларнинг аниқ натижа билан якунланаётгани депутатлар ва улар мансуб партия ишининг самарадорлигини кўрсатади.
Умуман, сиёсий партияларнинг ҳудудий фаолиятида аҳоли манфаатларини таъминлаш, ижтимоий адолат ва депутатлик масъулиятини кучайтиришга йўналтирилган амалий ёндашув кузатилмоқда. Рақамли майдон эса жамоатчилик фикрини ўрганадиган, муаммолар муҳокама қилинадиган, депутатлар фаолияти юзасидан ҳисобдорлик намоён бўладиган очиқ мулоқот майдонига айланиб бормоқда.
Депутатларнинг ҳар бир мурожаатга муносабати орқали унинг масъулияти, партиянинг аниқ позицияси ва амалий натижа орқали одамларнинг ишончи шаклланмоқда. Сиёсий партияларнинг эртанги нуфузи ҳам, аввало, ана шу ишончни қай даражада оқлай олишига боғлиқ.
Манзура Рустамова,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Тошкент вилояти ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси,
ЎзА