Партия ташкилотлари ва депутатлар фаолияти сарҳисоб қилинди
Ўзбекистон «Адолат» СДП томонидан партия туман ва шаҳар кенгашлари ҳамда депутатларининг фаоллигини ошириш, ўзаро тажриба алмашиш орқали иш самарадорлигини юксалтириш мақсадида ўқув-семинар ташкил этилди. Унда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги партия туман ҳамда шаҳар кенгашлари раислари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига партиядан сайланган депутатлар, шунингдек, партия фаоллари иштирок этди.
Тадбирда партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Озода Парпибоева партия ташкилотлари ва депутатларнинг иш фаолияти самарадорлигини ошириш ҳақида сўз юритди. Аҳоли билан мулоқотни мустаҳкамлаш, фуқароларни қийнаётган муаммоларга амалий ечим топиш, партия дастурий вазифаларини амалиётга татбиқ этишда партия ташкилотлари ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатларнинг ташаббускорлиги алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади.
Сўзга чиққанлар партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқий ва сиёсий маданиятини юксалтириш, ёшлар ҳамда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасидаги ишларни жадаллаштириш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Семинар доирасида иштирокчилар халқ депутатлари Сергели туман Кенгашидаги партия депутатларининг иш тажрибаси билан яқиндан танишди.
М.Комилова, ЎзА