Партия сайловолди муҳокамаси
Пойтахтимизда Ўзбекистон Экологик партиясининг сайловолди дастури муҳокамаси бўлиб ўтди.
Пойтахтимизда Ўзбекистон Экологик партиясининг сайловолди дастури муҳокамаси бўлиб ўтди.
Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда экологик муаммоларни бартараф этиш ва салбий оқибатларининг олдини олиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар билан бир қаторда, мазкур соҳадаги вазифаларнинг кўлами мамлакатда экологик ҳолатни яхшилаш ва юзага келган муаммоларни яхлит ҳолда ҳал этишга йўналтирилган давлат сиёсатини амалга оширишда жамиятнинг турли қатламларига мансуб фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлашни тақозо этади.
“Биз келажак учун жавобгармиз!” ғоясини ўзининг бош шиори ҳисоблаган Ўзбекистон Экологик партияси табиат ва инсон саломатлиги учун қайғурадиган ватанпарварлар, табиат муҳофазасига жонкуяр ва фидойилар, амалий ҳаракатлар, келажакка дадиллик билан интилаётганларни бирлаштиришга ҳаракат қилмоқда.
Қайд этилганидек, партиянинг экспертлар гуруҳи томонидан соҳада давлат сиёсатини амалга оширишга кўмаклашиш, миллий қонунчиликни такомиллаштириш, экологик хавфсизликни таъминлаш, “Яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш, экологик таълим-тарбия тизимини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда халқаро ҳамкорликни кучайтириш каби масалаларни қамраб олган сайловолди дастури тайёрланган.
Шунингдек, дастурда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш учун Оролбўйини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш бўйича БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилишга кўмаклашиш, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти “Яшил белбоғ” дастурининг қабул қилинишини қўллаб-қувватлаш, халқаро экологик тадбирлар якуний ҳужжатларида Ўзбекистон Республикаси позициясини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, “Яшил иқтисодиёт” ва “Ақлли” қишлоқ хўжалиги бўйича илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ҳамда жорий этиш лозимлиги кўрсатиб ўтилган.
– Орол денгизининг қуриган тубида ўрмон-мелиоратив ишларни амалга ошириш йўли билан Оролбўйини экологик соғломлаштириш ҳамда 1,5 миллион гектар майдонни ўрмон билан қоплаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш каби масалалар ҳам қамраб олинган, – деди Ўзбекистон Экологик партияси гуруҳ раҳбари Эркин Омонов. – Партиянинг сайловолди дастурида кўрсатилган ушбу масалаларни жамоатчилик ва экспертлар билан ҳамкорликда муҳокама қилиш партиянинг келгусидаги фаолияти янада самарали бўлишида, дастурнинг тўлақонли ҳаётга татбиқ этилишида муҳим аҳамият касб этади.