Партия аъзолари кўпаймоқда
Шу кунларда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – ЎзЛиДеПнинг қуйи бўғинларида навбатдаги ҳисобот-сайлов йиғилишлари ўтказилмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Бухоро шаҳридаги “Poykent Bukhara” меҳмонхонасида ташкил этилди.
Маълумки, Бухоро вилояти туризм салоҳиятини юксалтиришда ҳудудда фаолият юритаётган меҳмонхоналар алоҳида аҳамият касб этади. Халқимизнинг азалий меҳмондўстлиги ана шу масканларда маҳаллий ва хорижий сайёҳларга кўрсатилаётган юксак сервис орқали янада яққол намоён бўлмоқда.
“Poykent Bukhara” меҳмонхоналар тармоғи бугунги кунда “Етти пир” зиёратгоҳларидан Хожа Анжир Фағнавий, Хожа Ориф Ревгарий, Саййид Мир Кулол қадамжолари ҳамда Баҳоуддин Нақшбанд меъморий мажмуаси яқинида жойлашган замонавий объектлари билан сайёҳларга хизмат кўрсатиб келмоқда. Ушбу меҳмонхонада бир вақтнинг ўзида 250 нафарга яқин сайёҳга хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд.

Меҳмонхонада 50 нафардан ортиқ ходимнинг доимий бандлиги таъминланган бўлиб, уларнинг 25 нафари ЎзЛиДеПнинг дастурий ғоя ва мақсадларини қўллаб-қувватлаб, бошланғич партия ташкилоти аъзоси сифатида фаол иштирок этиб келмоқда. Ташкилот етакчиси Рустам Аҳмедов раҳбарлигида партия таянч бўғини зиммасига юклатилган вазифалар изчил амалга оширилмоқда.
Сўзга чиққан иштирокчилар ташкилот фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар. Йиғилиш кун тартибига мувофиқ, “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” Давлат дастуридан келиб чиққан ҳолда бошланғич партия ташкилотининг 2026 йилга мўлжалланган иш режаси тасдиқланди.

–Бухоро шаҳрида бугунги кунда ЎзЛиДеПнинг 105 та қуйи бўғини фаолият олиб бормоқда, -дейди партиянинг вилоят Кенгаши масъул ходими Наргиза Халилова. –Ҳисобот-сайлов йиғилишлари деярли якунига етди. “Poykent Bukhara” меҳмонхонасида ўтказилган тадбир ҳам юқори савияси билан ажралиб турди. Эътиборли жиҳати шундаки, муассаса ходимларидан яна 10 нафари партия аъзолигига кириш истагини билдирди. Бу эса ҳудудда туризмни ривожлантиришга бўлган қизиқиш ва партия ғояларига ишонч ортиб бораётганидан далолат беради.
Йиғилишда ЎзЛиДеПнинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури ҳам тақдим этилди. Унда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий йўналтирилган давлат сиёсати, жумладан, камбағалликка қарши курашиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва инсон қадрини улуғлаш каби устувор йўналишлар ўз ифодасини топган.
Зариф Комилов, ЎзА