Паррандачиликда ягона кооперация тизими ташкил этилади
Балиқчи туманида 2010 йилдан буён фаолият юритиб келаётган “Sokin savdo servis” паррандачилик кластери броллер товуқларини боқиш ва парранда гўшти етиштиришга ихтисослашган.
Корхона фаолияти йилдан-йилга кенгайиб, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми, корхонанинг экспорт салоҳияти ортиб бормоқда.
– Президентимизнинг 2024 йил 18 ноябрдаги “Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тўғрисида”ги қарор ижроси доирасида аҳолини табиий, диетик ҳамда арзон товуқ гўшти ва ярим тайёр маҳсулотлар билан таъминлаш мақсадида бошлаган лойиҳамиз муваффақиятли амалга оширилмоқда, – дейди “Sokin savdo servis” паррандачилик кластери раҳбари Юнусбек Раҳимов. – Умумий қиймати 29 миллион доллар бўлган лойиҳа доирасида бугунги кунда 1,5 миллион дона броллер товуқлари боқилмоқда. Умуман, корхонамизда йилига 20,6 минг тонна парранда гўшти етиштирилади. Шунингдек, 55 минг тонна табиий товуқ гўшти, бўлаклари ва ярим тайёр маҳсулотлари қайта ишланади.
Корхонада парранда гўштини қайта ишлаш тизими тўлиқ автоматлаштирилган, маҳсулотлар табиий бўлиб, сифати, гигиеник талаблар бўйича халқаро стандартларга тўла жавоб беради. Яъни корхонада инновацион MAP ва вакуум технологиялари асосида кимёвий консервантларсиз, юз фоиз “ҳалол” ҳамда халқаро HACCP ва ISO стандартлар талаблари асосида экологик тоза парранда гўшти маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.


Бундан ташқари, йил бошидан корхонада наслчилик йўналишида 25 минг дона наслли она товуқ боқилиши ва тухум етиштириш йўлга қўйилди. Бугунги кунда кластер корхонанинг Андижон вилоятида 5 та, Наманган вилоятида 3 филиали, шунингдек, Тошкент вилоятида 1 та озуқа ишлаб чиқариш корхонаси фаолият кўрсатмоқда. Корхона ва унинг филиалларида 400 нафардан ортиқ киши меҳнат қилмоқда. Корхонанинг йиллик экспорт ҳажми 5 миллион долларни ташкил этиб, маҳсулотлар асосан, Афғонистон, Қирғизистон ва Саудия Арабистони давлатларига экспорт қилинади.

Кластер корхонада 2027 йил якунига қадар парранда чиқиндиларини қайта ишлашга мўлжалланган рендеринг линиясини ишга тушириш ҳамда парранда етиштиришда кўп қаватли катак тизимига ўтиш, фаолияти тўхтаб қолган ёки молиявий қийинчиликка дуч келаётган паррандачилик фермер хўжаликларини ягона кооперация тизимига жалб этиш режалаштирилган. Ушбу лойиҳаларга 10 миллион доллар маблағ йўналтирилади.
Ана шу ишлар амалга оширилиши натижасида қўшимча 1,7 миллион дона парранда етиштириш ҳамда 400 га яқин янги иш ўрни яратиш имконини беради.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири