Паррандачилик ривожи муҳокама қилинди
Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Сирдарё мелиоратив экспедициясида паррандачилик ва ўрдакчилик соҳасини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Шунингдек, маҳаллий ёрдамчи хўжаликларда амалга оширилаётган ишлар, сув хўжалиги объектларидаги фаолият ҳамда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги тадбирлар атрофлича кўриб чиқилди.
Семинарда Қуйи Сирдарё ИТҲБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Ғулом Сулаймонов иштирок этди. У муҳокама қилинган масалалар юзасидан фикр билдириб, ёш кадрларнинг маънавий ва касбий савиясини ошириш, жамоада ҳамжиҳатлик муҳитини кучайтириш, турли спорт ва ижтимоий тадбирларни йўлга қўйиш ҳамда назарияни амалиёт билан уйғунлаштириш зарурлигини таъкидлади.

– Экспедицияга қарашли коллектор-дренаж тармоқлари бўйлаб ёрдамчи хўжаликлар ташкил этилган ва паррандачилик ҳамда ўрдакчилик фаолияти йўлга қўйилган, – дейди бошқарма бошлиғи ўринбосари Жасурбек Мухторов. – Бу ишчи-ходимлар оилалари ва ички бозорни озиқ-овқат ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлашга имконият яратади. Шу билан бирга, қўшимча даромад манбаи сифатида ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Ҳозирги кунда мелиоратив экспедиция ҳамда ёрдамчи хўжаликлар таркибида 21 бош қорамол, 124 бош қўй, 2 мингдан ортиқ парранда ва ўрдак парваришланмоқда. Улар сонини ошириш ва фаолиятни кенгайтириш семинарнинг асосий мавзуси бўлиб, муҳокама қилинган масалалар бўйича аниқ вазифалар белгиланди.

“Яшил макон” лойиҳаси доирасида экилган манзарали ва мевали кўчатларни парваришлаш, янги мавсум учун кўчат тайёрлаш ҳамда тўқсонбостидаги экинлар ўрнига рўзғорбоп экин турларини экиш бўйича йўналишлар белгиланди. Шунингдек, насос станцияларига қарашли ёрдамчи хўжаликларда сабзавот етиштириш, ер унумдорлигини ошириш ва экилган мевали дарахтлар ҳосилдорлигини таъминлаш тадбирларини самарали ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири