Паррандачилик — қисқа муддатда юқори самара берувчи соҳа
Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолини сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада паррандачилик соҳаси тобора муҳим аҳамият касб этиб, нафақат ички бозорни таъминлаш, балки янги иш ўринлари яратиш ва тадбиркорликни ривожлантиришда ҳам катта имкониятлар очмоқда.
Айниқса, бройлер жўжаларни парвариш қилиш орқали қисқа муддатда юқори даромадга эришиш мумкинлиги ушбу йўналишга бўлган қизиқишни янада оширмоқда.
Бугунги кунда парҳезбоп товуқ гўшти аҳоли дастурхонининг ажралмас қисмига айланган. Унинг нафақат мазали, балки фойдали экани, шунингдек, тез тайёрланиши ва нисбатан арзонлиги сабабли бозорларда доимий талабга эга. Шу боис, бройлер парвариши тадбиркорлар учун даромадли ва барқарор бизнес манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.

Бухоро туманининг “Қавола Маҳмуд” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи ёш тадбиркорлар Мирзабек Муродов ва Соҳибжон Қиличев ана шундай имкониятдан унумли фойдаланиб келмоқда. Улар бройлер жўжаларни парвариш қилиш орқали ўз фаолиятини йўлга қўйиб, бугунги кунда уни изчил равишда кенгайтиришга эришган.
Ҳозирда тадбиркорлар 20 минг бош бройлер жўжани парвариш қилиб, маҳаллий бозорларни сифатли гўшт маҳсулотлари билан таъминлаб келмоқда. Уларнинг айтишича, бройлерчиликда энг муҳим омил бу тўғри ташкил этилган товуқхона, сифатли озуқа ва доимий назоратдир.

–Ҳисоб-китобларга кўра, 5 минг бош бройлер жўжани бир ой давомида парвариш қилиб, қарийб 20 миллион сўм фойда олиш мумкин, –дейди Мирзабек Муродов.–Энг муҳими, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш ва замонавий ёндашувларни жорий этишдир. Келгусида жўжалар сонини янада оширишни режалаштирганмиз.
Мирзабек Муродов ва Соҳибжон Қиличевнинг фаолияти нафақат иқтисодий жиҳатдан самарали, балки ижтимоий аҳамиятга ҳам эга. Улар ўз меҳнати билан ҳудудда паррандачиликни ривожлантиришга ҳисса қўшиб, бошқа ёшлар учун ҳам ибрат намунаси бўлиб хизмат қилмоқда.

Бу каби ташаббускор ёшлар қишлоқ хўжалиги соҳасини янада тараққий эттириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан бойитишда муҳим ўрин тутади.
Паррандачилик, хусусан бройлер етиштириш бугунги кунда тез фойда келтирадиган ва кам сармоя билан йўлга қўйиш мумкин бўлган истиқболли соҳалардан бири ҳисобланади. Тўғри режалаштириш, меҳнатсеварлик ва замонавий ёндашувлар орқали қисқа муддатда юқори натижаларга эришиш мумкин.
Мирзабек Муродов ва Соҳибжон Қиличев каби ёш тадбиркорларнинг фаолияти эса бунинг яққол исботидир. Улар нафақат ўз даромадини оширмоқда, балки юртимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири