Парламент ва Халқ дипломатияси маркази ҳамкорлигидаги ёшлар мулоқоти
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида ёшлар билан учрашув ўтказилди. Учрашув “Ёшлар куни” муносабати билан ҳамда Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази билан йўлга қўйилган ҳамкорлик доирасида ташкил этилди.
Тадбир Қонунчилик палатаси ва Марказ ўртасида шаклланган ҳамкорликнинг амалий ифодаси бўлиб, ёшларни парламент фаолияти, қонун ижодкорлиги жараёнлари ҳамда қўмита ишининг асосий йўналишлари билан яқиндан таништиришга қаратилди.

Тадбирда ҳамкор олий таълим муассасаларининг “халқаро муносабатлар” йўналишида таҳсил олаётган талабалари, Халқ дипломатияси маркази ҳузурида фаолият юритаётган “Халқ дипломатлари” клуби аъзолари иштирок этди.

Учрашув давомида иштирокчиларга Қонунчилик палатаси, унинг қўмиталари ва сиёсий партиялар фракциялари фаолияти, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, муҳокама қилиш ва қабул қилиш тартиби ҳақида атрофлича маълумот берилди. Шу билан бирга, қўмитанинг халқаро алоқалар, парламентлараро ҳамкорлик, мудофаа ва хавфсизлик масалалари бўйича фаолияти хусусида ҳам тушунтиришлар берилди.

Бу каби учрашув ва мулоқотлар ёшларнинг парламент фаолиятига қизиқишини ошириб, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлашга, халқаро муносабатлар соҳасидаги амалий тасаввурларини кенгайтиришга хизмат қилади.
М.Комилова,
ЎзА