Парламент ислоҳотларимизнинг дунёвий эътирофи
Халқаро кузатувчилар сайловлар эркин рақобат муҳитида, сиёсий партиялар ўртасидаги қизғин тортишув ва баҳс-мунозаралар шароитида ўтганини, бу жараёнда оммавий ахборот воситаларининг роли сезиларли даражада ошганини алоҳида эътироф этдилар.
Сайловларнинг очиқ ва ошкора тарзда, халқаро талаблар ва амалдаги қонунчилик меъёрлари даражасида ўтишини назорат қилиш учун 50 га яқин давлатдан ҳамда 10 та халқаро ташкилотдан 825 нафар кузатувчи мамлакатимизга ташриф буюрди. Сайловлар жараёнида Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг 316 кишилик тўлақонли миссияси билан илк маротаба яқин ҳамкорлик амалга оширилди.
Халқаро кузатувчилар сайловлар эркин рақобат муҳитида, сиёсий партиялар ўртасидаги қизғин тортишув ва баҳс-мунозаралар шароитида ўтганини, бу жараёнда оммавий ахборот воситаларининг роли сезиларли даражада ошганини алоҳида эътироф этдилар.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон тараққиётининг бош устувор дастури – Ҳаракатлар стратегияси доирасида барча соҳалар қатори демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда Парламентнинг ролини янада кучайтириш бўйича салмоқли саъй-ҳаракатлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, кейинги вақтларда давлат ҳокимияти тизимида Олий Мажлиснинг ўрни ва роли сезиларли равишда кучайди, мамлакат ички ва ташқи сиёсатига оид муҳим вазифаларни ҳал этиш ҳамда ижро ҳокимияти фаолияти устидан Парламент назорати самарадорлиги ортди.
Шу билан бирга, Олий Мажлиснинг давлатлараро муносабатларнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланган парламентлараро алоқалари тобора ривожланиб, янгича мазмун-моҳият касб этиб бораётганини ҳам алоҳида эътироф этиш лозим. Хусусан, Миллий парламентимиз қошида изчил фаолият кўрсатаётган 28 та парламентлараро ҳамкорлик ва дўстлик гуруҳлари парламент дипломатиясининг нуфузини ошириш, томонларнинг ўзаро позицияларини яқинлаштириш, давлатлараро муносабатларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишида муҳим ўрин тутмоқда.
Ўз навбатида, Олий Мажлиснинг дунёдаги парламентлараро ташкилотлар билан ҳамкорликдаги фаолияти мамлакатимизнинг халқаро майдондаги салоҳиятини янада оширишга, депутатлар ва сенаторларимиз турли халқаро даражадаги нуфузли анжуманларда иштирок этиб, халқаро ҳамжамиятни Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари билан яқиндан таништиришга хизмат қилмоқда.
Шу маънода, куни кеча бутун жаҳон бўйлаб тарқалган яна бир хушхабар барчамизни беҳад мамнун этгани баробарида, ҳар биримизга яна бир карра чексиз фахр ва ифтихор туйғуларини бағишлади.
Ўзбекистон парламентарийси илк бор Парламентлараро иттифоқ Ижроия қўмитаси аъзоси сифатида қайд этилди. Яъни, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари, академик, халқаро миқёсдаги давлат ва жамоат арбоби Aкмал Саидов 179 давлатни бирлаштирган жаҳон парламентларининг халқаро органи – Парламентлараро иттифоқ Ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари ҳамда молия бўйича кичик қўмита аъзоси этиб сайланди. Иттифоқнинг Евроосиё гуруҳи томонидан илгари сурилган Ўзбекистон вакилининг номзоди ташкилотга аъзо давлатлар томонидан бир овоздан маъқуллангани юртимизда изчил олиб борилаётган ички ва ташқи сиёсат, янги босқичдаги туб ислоҳотларни халқаро жамоатчилик фаол қўллаб-қувватлаётганининг яна бир ҳаётий исботидир.
Бу мамлакатимизда парламент дипломатиясини янада ривожлантириш, Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг етакчи халқаро ташкилотлар ҳамда илғор хорижий давлатлар парламентлари билан ўзаро манфаатли алоқалари кўламини кенгайтириш ва сифатини ошириш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ҳамда рейтингини мустаҳкамлаш, пировардида дунё аренасида миллий манфаатларимизни изчил илгари суришимизда яна бир муҳим имкониятдир.
Энг асосийси, Президентимиз Мурожаатномасида таъкидланган: “демократик ислоҳотлар йўли – биз учун яккаю ягона ва энг тўғри йўл” экани айни ҳақиқат эканининг дунёвий эътирофидир.
Элдор ТУЛЯКОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори